Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасида қатор лавозимларни тугатди

Президент қарори билан бош вазирга бир қатор янги вазифалар юкланди ва Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида айрим лавозимлар тугатилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 май - Sputnik. "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" президент қарори қабул қилинди.

Мирзиёев карантин талаблари юмшатилишда давом этишини айтди

Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида ўзгаришлар бўлди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланди.

Қуйидаги лавозимлар киритилди:

* Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари;

* Бош вазир маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи;

* Бош вазир маслаҳатчиси – Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида IT парклар қурилади

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида қуйидагилар тугатилди:

* Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
* Бош вазирнинг саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими;
* Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти;
* Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти.

Шунингдек, қарор билан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти ташкил этилди.

Қарор билан Бош вазирга бир қатор янги вазифалар юкланди.

Бош вазир, жумладан, IT-технологиялар, "электрон ҳукумат"ни жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, телекоммуникациялар, илм-фан, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантиришни таъминлаш фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади.