ТОШКЕНТ, 13 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда карантин талабларини юмшатиш давом эттирилишини маълум қилди. Президент бу ҳақда 13 май куни видеоселектор йиғилишида маълум қилган.
Давлат раҳбари йиғилиш аввалида дунёда пандемия ҳали давом этаётгани, лекин қатор давлатлар карантин чекловларини аста-секин юмшата бошлаганини қайд этган.
"Дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги тўғрисида якуний хулосага келмоқда. Биз ҳам эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда, карантин талабларини юмшатишни бошлаганмиз ва буни босқичма-босқич давом эттирамиз", - деган Мирзиёев.
Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатганки, қаерда ҳокимлар бутун масъулиятни ўзига олиб, чуқур ўйлаб, одамлар билан маслаҳатлашиб, иш олиб бораётган бўлса, ўша жойда яхши натижа бермоқда.
Лекин баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни ҳушёр бўлишга чақирмоқда.
Таъкидландики, коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқ карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган таркибда ўтказиш, юқумли касал бўлса маска тақиш одатий қоидага айланиши зарур.
"Бир ҳақиқатни барчамиз аниқ тушуниб олишимиз шарт: пандемия шароитида биз жорий этган янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаши фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ", – деган Мирзиёев.