ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Москвада COVID-19 пандемияси туфайли хорижликларга 15 июнгача патентсиз ишлашга рухсат берилди. Бу ҳақда Москва ИИББ хабар қилди.
Шунингдек, мигрантларга вақтинча аввал берилган патентлар учун ойлик тўловини тўламаслик мумкин.
Бундан аввал Россия президенти Владимир Путин Россия Федерациясида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг COVID-19 тарқалиши муносабати билан ҳуқуқий ҳолатини тартибга солувчи вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Ҳужжатга мувофиқ, чет элликларнинг мамлакатда вақтинча бўлиш муддати 15 июнгача узайтирилди.
Шунингдек, Россияда ишсиз қолган мигрантларни Россия фуқаролари билан ишсизлик нафақаси ва бошқа қатор имтиёзларни олиш бўйича тенглаштириш ташаббуси билан чиқишди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда 57 мингдан ортиқ коронавирус ҳолати қайд этилган, 4 мингдан ортиқ фуқаро тузалди, 513 киши вафот этди.