Тошкентдаги тўй видеоси қизғин муҳокамага сабаб бўлди – ИИББ тафсилотларни ўрганди

Ўзбекистонда 23 мартдан тўй-ҳашамлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланган. Юнусободдаги тўйда хонанда Мавлуда Асалхўжаеванинг иштирок этгани фойдаланувчилар эътиборини тортган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ интернет тармоғидаги тарқалган Юнусобод туманидаги тўй ўтказилгани акс этган видео юзасидан изоҳ берди.

Тошкентда карантинда тўй бошлаган фуқаролар устидан жиноят иш қўзғатилди

Маросимда ўзбек эстрадасининг таниқли хонандаси Мавлуда Асалхўжаеванинг иштирок этгани видеороликни томоша қилганларнинг эътиборини тортган. Фойдаланувчилар тадбир иштирокчиларини карантин даврида тартибни бузганликда айблаганлар.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари текширув ўтказди. Маълум бўлишича, тадбир 22 март куни, яъни коронавирус туфайли  тўй-ҳашамларни бекор қилиш ҳақидаги қарор кучга киришидан бир кун олдин бўлиб ўтган.

Таъкидланишича, тўй куёвнинг – 28 ёшли Ш.С.нинг уйида ўтказилган. Унда 3 нафар эркак, келин ва 6 та аёл ҳамда хонанда Мавлуда Асалхўжаева иштирок этган. Хонанда учта қўшиқ куйлаб, тадбирни тарк этган.

“Ш.С. тўй ўтказиши ҳақида олдиндан маҳалла раисини ва профилактика инспекторини огоҳлантирган”, - дейилган хабарда.

Қирғизистонда ҳам ёшлар тўйни онлайн ўтказди – видео

ИИББ фуқаролардан бирор маълумотни интернетга муҳокама қилиш учун чиқаришдан олдин унинг тафсилотларини ўрганиб чиқишини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин муносабати билан қатор тақиқлар ўрнатилган. Нафақат вилоятдан вилоятга, балки шаҳар ва туманлар ўртасида ҳам транспорт ҳаракати чекланди. Фуқароларга зарур бўлмаганда уйидан ташқарига чиқиш чекланди. Фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида 2 метр масофа сақлаши шарт. Қолаверса, кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланиши тақиқланади.

Шунингдек, мамлакат фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинган.