Қирғизистонлик ёшлар коронавирус белгиланган тўйни бекор қилишга баҳона эмас деб ўйлашди. Юлия ва Искандар яқинлари ва дўстларининг ҳаётини хавф остига қўймаслик учун Skype орқали ўз тўйларини ўтказишди ва тўйга 35 кишини таклиф қилишга қарор қилишди.
Ёш келин-куёвларнинг айтишича, улар никоҳдан ўтиш аризасини қиш ойида топширишган ва тўйни март ойининг охирига белгилашган.
Дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси хавфи туфайли улар ҳаётларининг унутилмас онларини яқин қариндошлари ва дўстларини Skype ижтимоий тармоғида тўплаб нишонлашди.
“Режага биноан буларнинг барчаси бир соат ичида тугаши керак эди, лекин “базм” чўзилиб кетди. Тостлар биз мўлжаллагандан ҳам узунроқ ва самимий бўлди. Шу боис оқшом бироз чўзилди. Турмуш ўртоғим билан ҳатто илк рақсимизни ижро этишга муваффақ бўлдик. Бу тостлар, табриклар ва меҳрибон яқинлар даврасидаги одатдаги тўй бўлди”, - дея Sputnik Қирғизистон нашрига ёшлар ўз тўйлари ҳақида сўзлаб беришди.
Уларнинг сўзларига кўра, тўй нафақат қизиқарли, балки камхарж бўлиб ўтган.
Ўзбекистонда тўйлар масаласи қандай?
Кеча АОКА ҳузуридаги штабда Адлия вазирининг матбуот котиби Севара Ўринбоева коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиши муносабати билан 2020 йилнинг 25 мартидан бошлаб Адлия вазирлиги тизимидаги ФҲДЁ бўлимларида фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш) ташкил қилинган дарча орқали амалга оширилишини маълум қилган эди.
Аввалроқ Тошкентда белгиланган қатъий карантин чораларини бузиб тўй маросимини бошлаган фуқаролар устидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.