Бошланди: Аргентина ХВЖ кредитларини тўлашдан бош тортди

Аргентина вице-президенти Кристина Киршнер Халқаро валюта жамғармаси мамлакат иқтисодий таназзулдан чиқмагунча илгари берилган кредитлар бўйича "ярим цент ҳам" ололмаслигини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13-фев - Sputnik, Александр Лесных. Аргентина вице-президенти Кристина Киршнернинг айтишича, Халқаро валюта жамғармаси мамлакат иқтисодий таназзулдан чиқмагунча илгари берилган кредитлар бўйича "ярим цент ҳам" олмайди. Буэнос-Айреснинг мисолини бошқа ХВФ мижозлари, шу жумладан Украина ҳам олиши мумкин.

Қарз ботқоғи

Ўтган йилнинг охирида ташкил топган Аргентинанинг янги ҳукумати қийин танловга дуч келди: оғир ташқи қарзларни тўлашни инқироз иқтисодиётидан маблағни олиб чиқиш орқали давом эттириш ёки хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни бузган ҳолда уларни мамлакат ривожига йўналтириш.

Ўзбекистон ва Қозоғистон инвестициялар учун рақобат қилади – ХВЖ  

Ташқи қарзлар бўйича ҳисоб-китоблар яхши кунларгача қолдирилиши кераклиги тўғрисида биринчи бўлиб янги сайланган президент Альберто Фернандес ойдинлаштирди. Ноябр ойи охирида у қолган 12 миллиард долларни ХВЖдан олишни рад этишга ваъда берди, чунки "мастлик шароб билан даволанмайди". Бу вақтга келиб, мамлакат илгари тасдиқланган 56 миллиардлик молиявий ёрдамнинг 44 миллиардини олган.

“Мен қарзлар билан боғлиқ жуда катта муаммони ҳал қилишим керак, наҳотки мен яна ҳам кўпроқ сўрайманми? Мен бошқа сўрамасликни ва тўлашга ижозат беришларини хоҳлайман”, - деди Альберто Фернандес Con Vos радиостанцияси эфирида. Бир ҳафта ўтгач, Марказий банк раҳбари Гидо Сандлерис "молия секторидаги вазиятни барқарорлаштира олмаслик" сабабли истеъфога чиқди.

Саакашвили Украина бешта давлатга парчаланиб кетишини башорат қилди

Бир ой ўтгач, ҳукумат ғазначилик векселлари тўловларини саккиз ярим ойга кечиктирди. Бунда гап тахминан тўққиз миллиард доллар ҳақида эди, унинг бир қисми 20 декабр куни ўтказилиши керак эди. S&P Global Ratings агентлиги дарҳол Аргентинанинг суверен рейтингини “танланган дефолт” (SD) даражасига туширди.

Энди мамлакатнинг юқори раҳбарияти ташқи қарзларини реструктуризациясини талаб қилмоқда. Бу 100 миллиард долларни ташкил этади ва деярли ярми ХВФнинг кредитлари. Эҳтимол, айнан реструктуризация тўғрисида Аргентина Молия вазирлиги раҳбари Мартин Гузман ва фонднинг бошқарувчи директори Кристалина Георгиева феврал ойининг бошларида Ватиканда бўлиб ўтган конференциядан олдин бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилишган.

Кўпчилик экспертлар кредиторлар талабларни юмшатишга рози бўлишларига ишонишади. Акс ҳолда, Буэнос-Айрес дефолтни эълон килади, бу эса иқтисодиётни янада беқарорлаштиради, инфляцияни ҳаддан ташқари кўтариб юборади (йил давомида - 50%дан ошиқроқ). Ва бу бутун минтақага, шу жумладан инвестиция лойиҳаларига жиддий таъсир қилади. Хусусан, Америка компанияларининг Аргентинанинг Неукен провинциясида "Вака-Муэрта" сланец конини ривожлантириш режалари хавф остида қолади.

Бундай сценарий ХВФ учун номақбул, буни очиқчасига ушбу ташкилотнинг бошқарувчи директори Кристалина Георгиева айтди. "Аргентина иқтисодиётни барқарорлаштирадиган, қарзни қайта тузишга олиб келадиган ва энг заиф одамларнинг интилишларига жавоб берадиган сиёсатни қабул қилиши керак бўлган жуда муҳим бир вақт келди", - деб тушунтирди у Reuters агентлигига. Германия канцлери Ангела Меркель ҳам яқинда Альберто Фернандес билан учрашувда Аргентинани қўллаб-қувватлади.

"Биз кўплаб масалалар бўйича қарашларимиз билан алмашдик, шу жумладан Халқаро валюта жамғармаси билан Аргентина халқига зарар етказмасдан қарзни тўлашга имкон берадиган келишувга эришиш зарурлиги тўғрисида фикр алмашдик. Мен ундан самимийлик ва қўллаб-қувватлагани учун жуда миннатдорман", - деб ёзди Фернандес ўз твиттерида.

Имкониятлар бор

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатнинг янги раҳбарияти биринчи навбатда инфляцияни жиловлайдиган ва аҳоли даромадларини оширадиган пул-кредит сиёсатини ишлаб чиқиши керак.

Кичик бизнесни рағбатлантириш керак ва бунинг учун арзон кредитлар керак бўлади. Мавжуд асосий ставкаси 50% (ёзда у 70% дан юқори бўлган) бўлганида, арзон молиялаштириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

АҚШ ва унинг яқин иттифоқдошлари Венесуэлада тинчлик ўрнатилишига қаршилик қилишмоқда

Юқори асосий ставка яна бир муаммога олиб келади - ғазначилик облигацияларининг ортиқча даромадлилиги. Чайқовчилар мавжуд бўлган барча облигацияларни сотиб олиб, бозорга киришмоқда. Натижада миллий валюта жаҳон бозорида юзага келган вазиятга жуда боғлиқ бўлиб, чайқовчиларни маблағларини янада ишончли активларга ўтказишга мажбур қиладиган ҳар қандай салбий ҳолатлар девальвацияга олиб келади. Айнан шу ҳолат Аргентинанинг песоси билан содир бўлди, у аввалги давлат раҳбари Маурицио Макрининг президентлиги даврида бир доллар учун 9,8 песодан 57,2 песогача (ҳозир 61) тушиб кетган.

Ишсизликка қарши курашиш ва тез қашшоқлашган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун янги ҳукумат аллақачон бир қатор кескин чораларни кўрмоқда. Хусусан, улар ишчиларни ишдан бўшатишни мураккаблаштирадиган қарор чиқардилар - агар бирон-бир сабаб бўлмаса, собиқ иш берувчи компенсацияни икки баравар ошириш керак. Бундан ташқари, феврал ойи бошида катта юк машиналари ҳайдовчилари касаба уюшмаси 200 минг ҳайдовчи иш ҳаққини 26,5% оширишга эришди.

Шунингдек, конгресс "доллар учун солиқ" тўғрисидаги қонунни кўриб чиқмоқда. Келгуси беш йилда Аргентина валюта операцияларининг бир қисми учун 30 фоизлик бадал орқали бюджетга қўшимча маблағларни жалб қилишни режалаштирмоқда - бу туристик турларга, хорижий интернет-дўконларда товарларни тўлашга ва шу кабиларга тааллуқлидир. Ушбу маблағлар нафақаларни кўпайтириш ва инфратузилмани ривожлантириш учун сарфланади.

ХВЖ раҳбари нима Ўзбекистонни гуллаб-яшнашга олиб келишини айтди

Умуман олганда, ХВЖ кредитларини қайтаришдан бош тортган биринчи мамлакат - Греция. 2015 йилда Афина хазинада пул йўқлигини ва бир ярим миллиард қарзни тўлаш учун ҳеч қандай маблағ йўқлигини эълон қилди. Европа Иттифоқи кейинчалик грекларга фонд билан ҳисоб-китоб қилиш учун фавқулодда кредит беришга мажбур бўлди.

Энди таҳлилчилар Украинани Аргентина сценарийсини такрорлаш учун энг муносиб номзод деб ҳисоблашади. Миллий банк маълумотларига кўра, Киевнинг ХВФ қарзи ўн миллиард доллардан ошади, валюта захиралари эса 25 миллиардга баҳоланмоқда.

2019 йилда Украина давлат бюджети даромадларининг 40% дан ортиғини қарзларни тўлаш ва фоизларни тўлашга сарфлади. Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликни тўхтатиш ва дефолт зарурияти вақти-вақти билан Украина элитасининг кўплаб вакиллари – Рада депутатларидан то олигарх Игорь Коломойскийгача айтиб келмоқда.

Манба: РИА Новости.