"Ҳалоллик вакцинаси" қаерда?

Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси Мирзиёев сиёсатининг узвийлиги, барча тадбирлар, режалар пухта ўйланган, мустаҳкам асоси ҳозирланган ҳолда, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётганини яна бир бор исботлади.
Sputnik

Чунки шу пайтгача юритилаётган сиёсатдан, ишлар ва тадбирлардан чекиниш ҳолати кузатилмади, балки уларни янги поғона, янги босқичга олиб чиқиш ҳақида сўз борди.

Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси - асосий фикрлар

Йилнинг номланиши ҳам йил сиёсатининг мақсади, мазмунини қисқача, аниқ ва лўнда тушунтириб берди. Авваллари  бўладигандай, аввал йил номини белгилаб, кейин тадбирларни шунга мослаштиришга уринишар бўлмади.

Албатта иқтисодиёт, ижтимоий сиёсат, маънавий ҳаётда режалаштирилаётган комплекс тадбирлар ҳақида кўп айтиш мумкин, лекин бугун омманинг эътиборини тортаётган асосий мавзулар ­ паспорт тизими, камбағаллар, "ҳалоллик вакцинаси", таълим йўналиши бўлмоқда.

Президент бироз ҳазил, озроқ армон билан "... лекин ўша "ҳалоллик вакцинаси"ни қайдан оламиз?" деган фикрни билдириб ўтди. Дарҳақиқат, корупцияга қарши кураш, адолатни бош мезон қилиб олиш айтишга осон. Илгариги тузумлардан маълумки, қайси ташкилотга коррупция билан курашиш ваколати юклатилса, бу иллатнинг барча ришталари ўша ташкилотга бориб уланаверарди. Бундай ташкилот, коррупцияга қарши кураш эмас, балки, таъбир жоиз бўлса, уни бошқариш ва тартибга солиш билан мушғул бўлиб кетарди.

Ҳеч қандай жазо, ҳеч қандай хавф бунинг олдини ололмаган. Бунинг ягона йўли – "ҳалоллик вакцинаси". Яъни, ҳалоллик инсоннинг онгу шуурида бўлиши лозим. Уни эса пайдо қилиш керак бўлади. Йилнинг номида "маърифат" сўзи иштирок этаётгани ҳам шундан. Очкўзликни, ебтўймасликни фақат маърифат билан енгиш мумкин-да. Миллатнинг юзлаб йиллар давомида йиққан билими, тажрибаси, маънавий қадриятлари, албатта, "ҳалоллик вакцинаси"ни пайдо қилиш учун етарли бўлади.

Мурожаатномада халқимизнинг минглаб китобларда жойлашган маънавий бойликлари ўз ўқувчиси, тадқиқотларини кутиб ётгани ҳақида таъкидлаб ўтилиши ҳам бежиз эмас. Ўқиш, ўрганиш, тадқиқ қилиш ва фуқаро онгига жойлаштириш – ўзликни англаш, ҳалолликни турмуш тарзига айлантиришнинг асосий қоидаси шу.

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси - видео

Албатта, коррупция, порахўрлик ҳар қандай замонда, ҳар қандай даврда, ҳар қандай тузумда бўлган, лекин бу миллат ҳамма замонларда ҳам унга иллат сифатида қараган, маърифат, адолатни улуғлаган, унга сиғинган. Бунга ишонмаганлар, шубҳаланганлар юзлаб йиллар давомида амал қилиб келган қадриятларни таҳлил қилиб кўриши мумкин. Минглаб йиллар бурун тош қотган организмлар ўша даврлар ҳақида қанчалар маълумот берса, қадриятлар ҳам миллатнинг ўзлиги тўғрисида шунча ахборот беради.

Президент жиноий жазони либераллаштириш йўлини таклиф қилмоқда.

Ҳозирча бу тадбиркорлик соҳаси йўналишида айтилганига қарамай, бир-неча кодексларнинг янгиланиши йўналиш шу томонга қаратилганини кўрсатади. Кодекслар шунчаки, сўзларини ўзгартириш учун янгиланмайди. Дарвоқе, мурожаатномадаги “уюшган жиноий гуруҳ” ҳақидаги танқидий фикр ҳам гапимизни исботлайди.

Бош прокурор олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди

Илм, маърифат – президент аввалдан эътибор қаратаётган соҳа

Келгусида ҳам ушбу йўналишда жиддий ўзгаришлар бўлиши Мурожаатномада баён этилди. Маълум бўляптики, Ўзбекистонда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси Афғонистондагидагидан ҳам паст!

Бу йил битирувчиларнинг 25 фоизини олий таълим билан қамраб олиниши режалаштирилмоқда. Келаси йилларда 50-60 фоизга етказилади. Бунда айниқса, қизларга алоҳида квоталар ажратилиши, давлат грантларининг оширилиши таҳсинга лойиқ.

Шунга қарамай, энди одамлар тўйларга зўр бермай, топган-тутганини йиғиб, фарзандларини ўқитишга сарфласалар яхши бўларди. Балки тўйларни, маъракаларни тартибга солишдан кўзланган яна бир мақсад ҳам шундандир.  Чунки аввалроқ инсон капиталига алоҳида эътибор қаратилиши, бу энг самарали йўналиш саналиши таъкидлаб ўтилган эди.

XIX асрда крепостнойлик тизим бўлган, XXI асрда прописка тизими...

Шу каби ўхшатишлар, таққослар кўп учрамоқда. Дарҳақиқат, прописка бир пайтлар совет крепостнойларини бир жойда тутиб туришга қаратилган, кейин хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинмаган ва бугунгача сақланиб келаётган салбий амалиёт. Энди, Мурожаатномадан кейин ички миграция мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнаши ҳақида, АҚШ тажрибасига таяниб мулоҳазалар билдирилмоқда.

Пропискани бекор қилиш президент урбанизация сиёсатининг узвий бўлаги сифатида бекор қилиниши кутилмоқда. Бу билан фуқароларнинг эркинлиги, озодлиги таъминланади.

Лекин мутлақ ижобий ҳолат бўлиши мумкин эмас, янгиликни жорий этаётганда унинг салбий томонарини ҳам ўрганиб, шунга тайёр турилган маъқул. Ҳаддан ортиқ эркинлик жиноятчиликнинг ошиб кетишига олиб келгани каби прописка тизимининг бекор қилиниши сўзсиз йирик шаҳарларда уй-жой нархининг кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин. Ривожланган мамлакатларнинг эркинлик тизими ҳақида сўз юрита туриб, уларда йирик шаҳарлардаги уй-жой нархиниям назардан қочирмаслик, уларда асосий аҳоли ижарада яшашиниям унутмаслик лозим. Йўқ, бу салбий фикрлар эмас, вазиятга ҳушёр қараш. Ҳамманинг ўз хонадони, уйи бўлишига кўниккан миллатга эртага бу оғир туюлиши мумкин.

Мирзиёев деҳқон билан суҳбатда бой бўлиш сирини айтди

Албатта, президент буларни яхши билади ва олдиндан чорасини кўриш илинжида. Уй-жой қурилиши, кам таъминланган қатламга ипотека кредитларининг ажратилиши, уй-жой қурилишига хусусий секторнинг кенг жалб этилиши масалалари бу йўлдаги ҳаракатлардан бири.

Дарвоқе, мамлакатда камбағаллар борлиги, уларнинг сони кам ҳам эмаслиги илк бор қайд этиб ўтилди. Эски бир ақида бор – камбағалга ҳар куни битта балиқ берма, бу уни боқимандага айлантиради, бир марта қармоқ бергин, ўз кунини ўзи кўриб кетади, деган. Президент айнан шу йўлдан бормоқчи. Ижтимоий нафақа, таъминот миқдорини ошириш билан натижага эришиб бўлмаслиги, балки кам таъминланган табақани тижоратга ўргатиш лозимлиги, бу йўлда тадбирлар ташкиллатирилишини таъкидлади.

Шу жараёнда бироз ўхшамаётган ҳолат ­­- амалдорларнинг ёппасига паспорт тизимига қарши чиқа бошлагани, камбағаллар ҳақида кетма-кет чиқишлар бўлаётгани. Албатта булар халқнинг дарди, алами эди, лекин буни президент айтгунга қадар раҳбарлар билмас эканми? Ҳақ гапни, тўғри йўлни маъқуллаш керак, лекин буни кампаниябозликка айлантириб юбормаган маъқул. Чунки ҳар қандай яхшилик ҳам кампаниябозлик бошланиб кетса, оқибати ижобий бўлмайди.