Самарқандлик ўқитувчини калтаклаган зўравонлар орасида аёллар ҳам бўлган - баёнот

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 ноя - Sputnik. Калтак натижасида ҳалок бўлган самарқандлик ўқитувчига куч ишлатган зўравонларнинг уч нафари аёл бўлган, деб хабар қилмоқда "Зарафшон" газетаси вилоят ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментидан олинган хабар асосида.

Самарқандда дўппослаб ўлдирилган ўқитувчи ишига оид янги тафсилотлар юзага чиқди

Хабарга кўра, 20 ноябрь куни тахминан тунги соат 02:00 ларда ўқитувчи Изатулло ўзининг таниши Мақсуд билан Асал исмли аёлга гап отишган. Аёлнинг ёнидаги икки эркакдан бири Изатуллонинг юзига бир урган. Жанжал бошлангач, Асал танишига қўнғироқ қилган ва шундан сўнг яна жами 6 нафар шахслар келишган. Уларнинг ичида 2 нафари аёллар бўлган.

Шундан сўнг улар бир гуруҳ бўлиб, Изатулло ва унинг шериги Мақсудни сўкиб ҳақоратлаб, танасининг турли жойларига қўл-оёқлари билан уриб-дўппослаб тан жароҳатлари етказишган. 

Кўрилган тезкор чора тадбирлар натижасида Изатуллога нисбатан жиноятни содир этган шахслардан 3 нафари ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.

Тез тиббий ёрдам шифохонасининг бирламчи маълумотномасига кўра, Изатуллога “бош мия суякларининг оғир синиши” ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 20 ноябрь куни Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Самарқандда ўласи қилиб дўппосланган ўқитувчи ҳаётдан кўз юмди

2019 йил 23 ноябрь куни Изатулло кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган ва шу куни унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган ҳамда жиноят иши ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига қайта малакаланган.

Дастлабки тергов жараёнида 3 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми "д" банди ва 277-моддаси 2-қисми "б" банди билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва қолган 6 нафар гумон қилинувчиларга нисбатан тегишли эҳтиёт чораларини қўллаш масаласи кўрилмоқда.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Ёшлар ўқитувчи бўлишни истайди – ХТВ

Аниқланишича, марҳум ўқитувчи 2016 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаб, 2016 йил 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги 42-умумтаълим мактабига рус тили фанидан ўқитувчи бўлиб ишга кирган. 2017 йил 25 сентябрь куни ишдан бўшаган ва РФга ишлаш учун кетиб, 2018 йил август ойида қайтиб келган.

2018 йил 3 сентябрь куни яна шу мактабга ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилинган ҳамда рус синфларига тарих фанидан дарс бериб келган. Жорий йилнинг 17 октябрь кунидан буён ишдан бўшашлиги ҳақида мактаб директорини оғзаки огоҳлантирган ва мактабга ишга бормай, шу вақт мобайнида Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек ва Шоҳруҳ кўчалари кесишувчи чорраҳасида сомса сотиш билан шуғулланган.

"Фуқароларимиздан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов ҳаракатлари якунига етгунига қадар ижтимоий тармоқларда номақбул изоҳлар беришдан сақланишларини сўраймиз", дейилади расмий хабарда.