ТОШКЕНТ, 14 ноя – Sputnik. “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси тайёрланди.
Қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикасида профессионал футболни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаш таклифлари баён этилган:
- болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, бошқа таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда футбол бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этиш;
- юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш, уларни босқичма-босқич профессионал тайёргарликдан ўтказиб бориш орқали футболи ривожланаётган давлатларнинг етакчи клубларига “футболчилар экспорти”ни амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш;
- футбол соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва уларни рағбатлантириш, футбол соҳасини бозор механизмлари асосида бошқариш, футбол клубларини хусусий секторга ўтказиш ҳамда улар орасида соғлом спорт рақобати муҳитини яратиш;
- футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш ҳамда футболни ривожлантиришнинг янги тизимини самарали йўлга қўйиш орқали “ўзбек футболи” брендини яратиш.
- хорижий мутахассисларни кенг жалб қилиш орқали Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказини ташкил этиш;
- халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси талабларига мувофиқ 2021 йилги футбол мавсумидан бошлаб Суперлига жамоалари ўртасидаги учрашувларда адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизимини жорий этиш;
Шунингдек, қарор лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб, халқаро тажрибадан келиб чиқиб спорт соҳасини, айниқса футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш баён этилган.
“Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар футбол фаолияти билан шуғулланувчи мутахассислар томонидан букмекерлик фаолияти билан шуғулланиш, тотализатор ўйнаш, ўйинга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишилган ўйинлар ўтказиш, уларда иштирок этиш юзасидан жавобгарликни белгилаш бўйича Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин”, - дейилган лойиҳада.
Қарор иловасига Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси илова қилинган.