ТОШКЕНТ, 22 окт – Sputnik. Россияда футбол ишқибози бош мураббий Станислав Черчесовга қўнғироқ қилиб, ундан Шомуродовни терма жамоага жалб қилишни талаб қилди, деб ёзмоқда Sportbox.
- Менга яқинда нотаниш киши қўнғироқ қилиб, миллий терма жамоага жароҳат олган Фёдор Смолов ўрнига “Ростов” ҳужумчиси Элдор Шомуродовни жалб қилишни талаб қилди, - дейди Черчесов. - Ким телефон қилганини билмайман, футбол ишқибози бўлса керак, қаердандир телефон рақамимни топиб қўнғироқ қилди, узоқ вақт гапирди, сен яхши футболчиларни, энг зўр гол урувчини кўрмаяпсан деди.
Мен унинг гапларини хотиржам охиригача тингладим ва сиз ҳаммасини тўғри айтдингиз, лекин ҳарчанд уринсам ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчисини жамоага таклиф қила олмайман, дедим. Афсус шу вақт унинг юзини кўра олмадим, лекин суҳбатда гросмейстерларга хос узоқ тўхтам бўлди, - деди Черчесов.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мавсумда Россия премьер лигасида ўзбекистонлик легионер Элдор Шомуродов етакчи ҳужумчи бўлиб турибди. Айни дамда Шомуродовнинг ушбу мавсумда урилган голлари сони 10тага етди.