ТОШКЕНТ, 12 ноя – Sputnik. “Тест тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
Унга кўра, тестология ва педагогик ўлчовлар, чет тилидан малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда соҳада етакчи ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказий Осиёда тестология бўйича минтақавий илмий мактаб яратиш мақсадида Давлат тест маркази қошида “Илмий-ўқув амалий марказ” давлат унитар корхонаси ташкил этиш кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Илмий-ўқув амалий марказининг асосий вазифалари:
- тест материалларини ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатини аниқлаш, тестология ва педагогик ўлчовлар соҳасидаги илмий тадқиқот натижаларини нашр этиш;
- тест материалларини ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатини аниқлаш бўйича мутахассислар – тестологларни тайёрлаш, шунингдек, бу борада маҳаллий ва халқаро олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- шартнома асосида қисқа ва узоқ муддатли тестология, педагогик ўлчовлар, чет тиллари бўйича тингловчиларнинг малакасини ошириш, диагностик тест синовларини ташкил этиш;
- тестология ва педагогик ўлчовлар соҳасида илмий изланиш олиб борувчи шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, хориж тажрибаларни ўрганиш асосида миллий тизимни яратишга таклифлар бериш;
- халқаро имтиҳон олувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш.
Қарорда республика ҳудудларида тест синовларини ўтказишга мўлжалланган катта сиғимли бино ва иншоотларни қуриш учун ДТМ ҳузурида “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ташкил этиш назарда тутилган.
Шунингдек, ҳужжатга жавоблар варақаси намунаси ҳамда ДТМнинг тузилмаси илова қилинган.