ТОШКЕНТ, 7 нояб - Sputnik. “Ўзнефтгазинспекция” мутахассислари мутасадди корхоналарнинг фаолиятини таҳлил қилишда давом этмоқда. Бу галги текширув ишлари “Қарши нефть базаси” жамиятида бўлиб ўтди, хабар қилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жамият ва унга қарашли филиалларнинг нефть маҳсулотлари сиғимларидаги маҳсулотнинг ҳақиқий қолдиғи билан ҳисобхона қолдиғи таққосланганда ҳамда сифат таҳлили учун намуналар олинганда жами 11 млрд 535 млн. сўмлик манбаалар аниқланди.
Жумладан, 220,3 млн. сўмлик 38,4 тонна камомад, 50,9 млн. сўмлик 5,7 тонна ортиқчалик ҳамда 160,1 млн. сўмлик 26,4 тонна асоссиз ҳисобдан чиқариш, 514,6 млн сўмлик 97703 литр маҳсулот сифати бузилганлиги ҳамда 7 млрд 512 млн сўмлик 3850 тонна нефть маҳсулотларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ рухсатисиз АЁҚШларга имтиёзли нархларда тарқатиш ҳолатлари аниқланди.
Бундан ташқари, жамиятга қарашли сиғимларда сақланаётган сиғимлардан нефтмаҳсулотларнинг сифатини аниқлаш учун наъмуналар олиниб Ўзнефтегазинспекциянинг Тошкент назорат-кимё лабораториясига топширилди.
Сифат таҳлили натижасида жами 514,6 млн сўмлик 97703 литр нефть маҳсулотлари сифати бузилганлиги аниқланди.
Назорат ва таҳлил натижалари бўйича расмийлаштирилган хужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
Маҳсулот нархи жорий йил 7-11 октябрь кунлари товар-хомашё биржасининг ўрта статистик кўрсаткичлари асосида кўрсатилган.