ТОШКЕНТ, 30 окт – Sputnik. Молдова пойтахти Кишинёвда Шарқий Европа ва МДҲнинг 15 та мамлакатдан келган 300 дан ортиқ блогерлар, кўнгиллилар ва бошқа бошқа жамоат фаоллари учун “КэмпКэмп2019” тадбири бўлиб ўтди.
Турли давлатлардан шунча машҳур кишилар жамланган тадбир – катта медиа байрамга айланди, ОАВда кенг ёритилди деб ўйласангиз хато қиласиз. Тадбир ўта махфий вазиятда, манзили ҳеч қаерда эълон қилинмаган, шаҳар чеккасидаги бинода ўтказилди.
Тадбирнинг расмий саҳифасида ҳеч қандай телефон рақами кўрсатилмаган, иштирокчилар фақат алоқа формаси орқали тадбир ташкилотчилари билан боғланишлари мумкин. Журналистлар аккредитация учун юборган анкеталар жавобсиз қолган.
Қизиқ, бу даражада яшириниш учун қандай сабаблар бор экан-а? Бу машҳур блогерларнинг халқаро даражааги учрашувига эмас, кўпроқ революционерларнинг Лениннинг хуфия квартирасида тўпланишига ўхшайди, - деб ёзади Sputnik Молдова.
Лекин шунча конспирация чораларига қарамасдан уларни барибир топган Sputnik мухбирлари келганда яширин тадбир ташкилотчилари ҳайрон қолишди. “Ҳа бу медиа-тадбир лекин журналистлар ичкарига киритилмайди, чунки айрим иштирокчиларимиз ўз мамлакатларида жавобгарликка тортилиши мумкин”, - деб тушунтирган тадбир ташкилотчилари. – Ҳукуматга қарши намойишлар уюштиргани учунми?, - деган савол эса жавобсиз қолган.
Тадбир
Хуллас, 15 давлатдан 300 дан ортиқ блогерлар, кўнгиллилар, инстаграмчилар, нарратив маркетологлар ва бошқа жамоат фаоллари 4 кун давомида Кишинёв чеккасидаги кўримсиз бино ичида нима билан шуғулланган?
“Тўрт кун давом этаётган дискуссия, ижодий эксперимент ва мастер-классларда маркетинг, реклама ва медиа соҳасидаги фаоллар дунёни янада яхшироқ қилиш услубларини ўрганади”, - дейилган тадбир расмий саҳифасида.
Аслида эса, Шарқий Европа ва МДҲнинг бир неча давлатларидан келган “профессионал инқилобчилар” ўз мамлакатларида ҳукуматни куч билан алмаштириш ҳамда “Россия таъсирига қарши курашиш” тажрибаси билан ўртоқлашган. Ана шундай тадбирлар учун АҚШ давлат бюджетидан пул ажратилган.
Тадбир ташкилотчиси - Прага фуқаро маркази (Prague Civil Society Centre, PCSC) номли ташкилот бўлиб у АҚШ давлат бюджети томонидан молиялаштирилади. Марказ CAATSA (Америка душманларига санкциялар ёрдамида қаршилик кўрсатиш) қонунига асосан фаолият юритади.
Лекция ва семинарлар мавзулари
Қуйида ушбу ўқув-медиа тадбирининг кун тартибига киритилган айрим мавзуларни келтирамиз:
- “Ўсмирлар - фуқаро ташклотларининг асосий аудиторияси”
- “Ҳазил ва мемлар фаоллик қуроли сифатида”
- “Ноль бюджетли кўча намойишлари”
- “Тарафдорлар ёллаш ва жамоалар ташкил қилиш”
- “Марказий Осиё ва Кавказда краудфандинг”
- *Краудфандинг - бир неча киши ёки ташкилотлар пул жамлаб бошқа гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлаши. Одатда интернет орқали амалга оширилади.
- “Ижтимоий сўровлар маълумотларидан самарали фойдаланиш”
- “Ҳукумат вакиллари билан музокаралар ўтказиш – маҳорат дарси”
- “Ижодий фикрлашни қўзғаш учун оддий услблар”
- “Ҳуқуқ ҳимоячилари креатив профессионаллар билан учрашуви. Туркия тажрибаси”
Нотиқлар ким ?
Нутқ сўзлаган айрим нотиқлар шахсини юзаки ўрганиб чиқиш ҳам улар ҳақида муайян тасаввур беради.
Москвалик эссе ёзувчи ўзининг “Қримдаги Россия агрессияси”ни танқид қилиши билан танилган - Линор Горалик.
“Озодлик” радиосининг украина бўлими журналисти Влад Крилевский эса - Донбассдаги воқеаларга қарши, Украинада 30 йилларда содир бўлган очарчилик, Фейсбукдаги Россия тролларига қарши мақолалари билан машҳур.
Молдовалик Влада Чобану – фаол блогер, тадбир ташкилотчиларидан бири, АҚШнинг NDI — Национал демократик институтида 5 йил давомида ишлаган. (Дунёдаги барча рангли инқилоблар ташкил қилишда айнан мана шу институт иштирок этган).
Грузиялик блогер Шота Дигмелашвили “Каникулни баррикада ортида ўтказиш – 100 кунлик намойишлар” мавзусида лекция ўқиган.
Узоқ давом этаётган намойишларда иштирокчилар зерикиб қолмасликлари учун нима қилиш кераклигини Нью Йоркда жойлашган Center for Artistic Activism нотиқлари ўргатишган.
Ундан сўнг молдовалик ҳамма нарса “Москва қўли бор” деб бақирадиган "Оккупай Гугуцэ" фаоллар гуруҳи сўзга чиқиб, креатив намойишлар ўйлаб топишни ваъда беришган.
Иштирокчилар орасида белоруссиялик мухолифатчи журналист Франак Вячорка ҳам сўзга чиқди. Медиа соҳасида у ўзининг Белоруссияни Россиядан мутлақ ажратиш ва НАТОга аъзо бўлишни ёқлаб чиққан мақолалари билан танилган. 2018 йилда Вячорка Руминияда “Озодлик” радиоси бўлимини очишда ёрдам берган.
Тадбир қайси мамлакатларни қамраб олган?
Расмий саҳифасида жойлаштирилган харитага мувофиқ тадбир барча Марказий Осиё республикаларини ҳам қамраб олган, жумладан, Ўзбекистонни ҳам, лекин унда иштирок этган ўзбекистонлик блогерлар ёки нотиқлар ҳақида маълумот йўқ.
Тадбирда қирғизистонлик бир неча блогерлар ҳам сўзга чиққан. Хусусан, Элдана Сатыбалдиева исмли инста-блогер унга қариндошлар томонидан ўтказилаётган босим ҳақида нутқ демократия сўзлаган.
Улан Усейун исмли блогер Қирғизистоннинг узоқ қишлоқларда қандай қилиб намойишлар уюштириш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилиб берган.
Мурат Данияр исмли блогер Қозоғистонда танқидий ютуб-канал юритиш хавфлари ҳақида ҳикоя қилиб берган.
Хулоса ўрнида
CampCamp2019 – бу рангли инқилоблар ва турли намойишлар уюштирувчи блогер ва бошқа жамоат фаоллари учун инқилобчи профессионаллар томонидан ўтказилган маҳорат дарси бўлган.
Келажакда ушбу тадбирда иштирок этган шахслар “Евромайдан” “атиргуллар инқилоби”, “соябонлар инқилоби” ва бошқа креатив номларини ўйлаб топса;
Ёки юзлаб полицияга бир ўзи қаршилик кўрсатаётган қари аёл, нозик қиз, ёш боланинг таъсирли суратларини чоп этиб жамоатчиликка таъсир ўтказишга уринса;
Ё бўлмаса, ҳукумат вакилларининг чиқишларига қарши ижтимоий тармоқларда ҳажвий флешмоб кўтаришга уринса (Грузия флешмоб ха-ха);
- ҳайрон бўлманг, буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан пайдо бўлаётган креатив ғоя эмас, мана шундай профессионаллар ёрдамида ўтказилган семинарлар натижасидир.
Уларнинг мақсади – жамиятда норозиликни кучайтириш ва охир оқибат ҳукуматни ўзгартиришдир. Лекин бир неча йил давомида муваффақияттли натижа берган “рангли инқилоб” технологиялари – бугунги кунда оқсаб қолгани аниқ.
Масалан, Гонконгдаги митинглар узоқ вақт давом этаётган бўлсада - натижа йўқ. Москвада – улар ҳарчанд уринмасин ҳозирча ҳеч нарсага эриша олмаяпти. Грузия ва Арманистонда ҳам сўнгги вақтда эришилаётган натижалар кўнгилдагидек эмас.
Ана шундай шароитда революция ташкилотчилари томонидан маҳаллий жамоат фаолларига “намойишларни янада қизиқроқ қилиш” чоралари ўргатилаётганини тушунса бўлади. Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади, дейдилар-ку.