ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. 2019 йилнинг 30 сентябр - 6 октябр кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қўшма Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
“Тадбир давомида томонлар демаркациянинг меъёрий-техник ҳужжатларини солиштириб чиқдилар ва уларни Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қўшма Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси томонидан тасдиқлашга киритишга келишдилар”, - дейилади ТИВ матубот хизмати тарқатган маълумотда.
Учрашувда, шунингдек, ўзаро чегарада аэрофотосуратга олиш юзасидан фикр алмашилди.
Собиқ иттифоқ қулаганидан сўнг, Ўзбекистоннинг қатор қўшни давлатлари билан алоҳида чегара ҳудудлари мувофиқлаштирилмаганича қолган эди. Ўзбек-туркман чегарасининг умумий узунлиги 1 650 км.ни ташкил этиб, унинг айрим ҳудудларини демаркация қилиш юзасидан илк шартнома 2000 йилда имзоланганди. Ушбу масала юзасидан келишув жараёни 2017 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти бўлиб сайланганидан кейингина ўз ишини қайтадан бошлади.