ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев раислигида саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Йиғилишда Ўзбекистон саноатини замон талаблари асосида ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
“Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритишимиз зарур. Мавжуд хомашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва кўламини кескин кенгайтириш ушбу саноат сиёсатининг негизи бўлиши керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимининг самарали ишлашини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди. Маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга қаратилган энг муҳим йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Тармоқлар ва йирик корхоналарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинар экан, жорий йилнинг ўтган даврида янги лойиҳалар доирасида бор-йўғи 1 миллиард долларлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилгани қониқарсиз деб баҳоланди. Бу борадаги ишлар суст ташкил этилган “Ўзмахсусмонтажқурилиш” акциядорлик компанияси, “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти каби корхоналар фаолияти танқид қилинди.