Хитой Тожикистонга нефтни қайта ишлаш заводи қуриб берди

Тожикистондаги нефт заводи бир йилда 300 тоннадан 500 000 тоннагача нефтни қайта ишлаш қувватига эга.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Хитойнинг  СNPC компанияси Тожикистонда нефтни қайта ишловчи йирик завод қурилишини якунлади, деб хабар қилмоқда УзА.

Нефтни қайта ишловчи завод “Данғара” эркин иқтисодий зонасида “TK-Oil” тожик-хитой қўшма корхонаси билан биргаликда қурилди. Мазкур завод бир йилда 300 тоннадан 500 000 тоннагача нефтни қайта ишлаш имкониятига эга.

Британия Жиззах нефт заводи қурилишига сармоя киритиши мумкин

“Данғара” Эркин иқтисодий зона инженерларининг айтишларича, хом нефт маҳсулотини олиб келиш учун аввалига темир йўл қурилиши режалаштирилган, аммо темир йўл катта транспорт йўлини кесиб ўтиши маълум бўлгач, кўприк қурилиши зарур бўлиб қолди. Шу сабабли заводга қадар нефть қувурлари ётқизилди, Хитойликларнинг ҳисоб-китобларига қараганда бу йўл арзонга тушар экан.

Айни дамда Хитой компанияси Қозоғистондан нефт импорти борасида музокаралар олиб бормоқда, бироқ Мўминовнинг айтишича, ҳозирча корхонага хом нефть олиб келинмаган.

Данғарадаги нефтни қайта ишловчи завод 2016 йилнинг кузида ишга тушиши керак эди, бироқ бир неча йилдан бери унинг ишга туширилиши кейинга қолдириб келинади. Бунинг сабабларидан бири мамлакатдаги муаммоли банк бўлмиш “Агроинвестбанк“да 12 миллион долларнинг ушланиб қолинишидир.

Фарғонадаги нефт заводи хорижий инвесторга сотилади

Яқинда Данғара туман раисининг биринчи ўринбосари Жамшед Шарифзода матбуот анжуманларидан бирида баёнот бериб, нефтни қайта ишловчи завод инвестори “Агроинвестбанк“дан ўзининг 12 миллион долларини олгани ва завод эндиликда синов режимида фаолият юритаётганини айтган эди.

Тожикистон нефтнинг катта қисмини Россиядан импорт қилади. Шартномага кўра бу мамлакат Тожикистонга бож тўловларисиз бир миллион тоннагача нефт етказиб бериши керак. Расмий статистикага кўра, 2018 йилда Тожикистон 310,8 миллион долларлик 446 000 тонна нефт импорт қилган.