ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Буюк Британия Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи қурилишини молиялашда иштирок этиши мумкин, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Британия Экспортни молиялаш агентлиги (UKEF) ўзининг ушбу лойиҳага қизиқиши борлигини билдирди. Ўзбекистон ва Британия орасида ушбу борадаги музокаралар 2018 йилнинг апрель ойида Лондонда энергетика форумида бўлиб ўтган эди.
Ушанда, "Ўзбекнефтегаз" томонидан Лондонда ташкил қилинган "Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳасидаги сармоялар салоҳияти" форумида Жиззахда замонавий нефтни қайта ишлаш заводи қуриш лойиҳаси тақдим этилган эди. Экспертлар хулосасига кўра, бу республика учун геосиёсий жиҳатдан муҳим лойиҳа бўлиб, у йилига 5 миллион тонна нефтни қайта ишлаши мумкин.
Янги нефтни қайта ишлаш заводининг ютуғи шундаки, у нефтни Қозоғистон ва Россия конларидан қувур орқали олади. Омск — Павлодар — Чимкент нефт қувури Жиззах вилоятидан 100 км масофада жойлашган. Бу заводга ўта кам харажат билан нефт етказиб бериш имконини беради.
Лойиҳага мувофиқ завод йилига 3,1 миллион тонна мотор мойи, 1 миллион тоннадан ортиқ авиация керосини, суюлтирилган газ, мазут, битум ва маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Шунингдек заводда 2 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.
Мажмуани лойиҳалаштириш Wood — Amec Foster Wheeler компанияси томонидан амалга оширилади. Лойиҳанинг халқаро маслаҳатчилари қуйидаги компаниялар бўлади: White & Case — юридик масалалар бўйича, Argus Media — маркетинг бўйича, "Газпромбанк" — молиялаш бўйича, ERM — экология бўйича.
Бугунги кунда ушбу лойиҳани молиялаштириш бўйича кореянинг Эксимбанки, Хитой риволаниш давлат банки, "Газпромбанк" ва Credit Swiss банклари билан умумий шартномалар тузилган.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия UKEF орқали Ўзбекистонда нефт ва газ соҳасида 1,25 млрд. фунт стерлинг (1,7 млрд. доллар) миқдоридаги лойиҳаларни сармоялаштиришни режалаштирган. Бир ой олдин Британия агентлиги ва Ўзбекистон Тараққиёт ва ривожланиш фонди орасида шартнома имзоланган эди.