Янги қонун аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан қандай ҳимоя қилади?

Янги қабул қилинган қонун аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан қандай ҳимоя қилади, деган саволга Самарқанд вилояти хотин-қизлар раиси Гавҳар Алимова Sputnik Ўзбекистон мухбирига изоҳ берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 авг – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Бу қонун аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан қандай ҳимоя қилади ва қонуннинг эътиборга молик жиҳатлари нимадан иборатлиги хусусида Самарқанд вилояти хотин-қизлар раиси Гавҳар Алимова Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида сўзлаб берди.

Самарқандда пиёниста эркаклар рўйхати тузилди

Алимова қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга эканлигини таъкидлади ва бунда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинишига эътибор қаратди.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси махсус марказга жойлаштирилган тақдирда унинг иш жойи ва маоши сақлаб қолишига алоҳида урғу бериб ўтди.

Гавҳар Алимова суҳбат давомида биргина Самарқанд вилоятининг ўзида 600 нафардан ортиқ ичкиликка ружу қўйган ва аёлига, фарзандларига тазйиқ ўтказувчи эркаклар рўйхатга олинганини қайд этди. Баъзи жойларда аёллар муаммони очишдан ва эрига чора кўришни сўраб, мурожаат қилишдан чўчишларини афсус билан тилга олди.

Самарқанд вилояти хотин-қизлар раисининг сўзларига кўра, 8 ой ичида Самарқанддаги марказларга 500 яқин хотин-қизлар аёллар мурожаат қилган. Улардан 111 нафарига психологик ёрдам, 94 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган 80 нафардан ортиғи иш билан таъминланган ва уларга кредитлар ажратилган.

“Бу ўша оиладаги тазйиқ ва зўравонлик оқибатлари. Биргина мисол келтираман, илгарилари статистикани кўпроқ айтмас эдик, яширашдик. Бугунги кунда биз муаммони очиқ айтиб, уни илдизлари билан ишлаяпмиз. Масалан, 8 ой ичида Самарқанд вилоятида 109 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилган. Шундан 20 тасига оилавий масала сабаб бўлган, яъни 25 фоизи бевосита тазйиқ ва зўравонлик оқибатида. Мисол тариқасида Каттақўрғон туманидаги ҳолатни келтириш мумкин. Эри қаттиқ уриши оқибатида аёл ўз жонига қасд қилди. Лекин у эркакка чора кўрилмади. Уни ўз жонингга қасд қилгин деб урмаган-ку, деган гап халқ орасида ва ҳуқуқ-тартибот органлари ичида бор масала. Мана бундан кейин қонунчиликда аниқ белгиланиб, уларга чоралар кўрилади”, - дейди Гавҳар Алимова.

Хотин-қизлар қўмитаси эри аёвсиз калтаклаган келинчакни ўз ҳимоясига олди

Алимова оилалар учинчи шахс қайнона, қайнисингил ҳаттоки хола ва аммалар аралашиши оқибатида оилалар бузилаётганини ва уларга бошқа кишилар тарафидан руҳий зарбалар берилаётганини айтиб, буни тазйиқ, жабр кўрсатишнинг шикаст олди, деган тушунчада олиш мумкинлигини таъкидлади.

“Эркаклар ҳам оиладаги учинчи шахслар ҳам бундан кейин ўйлаб муомила қилишади деб ўйлайман. Бунинг учун биз ҳуқуқий тарғиботни кучайтиришимиз керак. Бундай фуқаролар билан ишлаб, маънавий савиясини оширишга жуда катта эътибор қаратишимиз керак”,  - дея сўзларига якун ясади Гавҳар Алимова.

“Ишонч телефони”га хотин-қизлардан 15 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди