ТОШКЕНТ, 4 июн – Sputnik. Ўзбекистонда бугунги кунда 19 миллион яқин меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлиб, шундан 13,4 миллион киши банд аҳоли ҳисобланади, деб ахборот берди бугун "Ўзбекистонда меҳнат соҳасини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ва натижалар" мавзусига бағишланган матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.
"Аҳволимиз унчалик ижобий эмас. Чунки банд аҳоли сони 13,5 миллион бўлса, 5,4 миллиони, яъни 40 фоизи расмий равишда банд бўлиб, қолганлари норасмий қисмида фаолият олиб бормоқда. Бу 60 фоиз аҳолимиз эртанги пенсия ҳуқуқларини шакллантирмаяпти дегани. Уларнинг ижтимоий муҳофазаси чекланган. Энг ёмони улар келгусида меҳнат муносабатлари, меҳнат ҳуқуқлари, муҳофаза қилиш нуқтаи-назаридан қонунчиликда белгиланган кафолатлардан фойдалана олмайди. Афсуски, ҳозирги ҳолатимиз шу. Биз буни ростини тан олишимиз керак. Ана шундай мерос бизга қолганлигини қўрқмасдан гапиришимиз керак", - деди вазир.
Норасмий бандлик рўйхатига кирувчиларнинг қарийб 2,5 миллионга яқин фуқаролар доимий равишда чет элда фаолият юритади.
Шерзод Кудбиев, шунингдек, бугунги кунда 2018 йилга нисбатан меҳнат органларига 1,5 баравар кўпроқ фуқаролар мурожаат қилганини қўшимча қилди.
"Тарихда биринчи марта электрон мурожаат ва бутун бизнес жараёнларимизни аҳолига хизмат кўрсатиш хизматларни электрон тизимга ўтказиб олдик. Бизга беш ойда ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўп одамлар мурожаат қилишди. Мурожаат қилган 350 минг фуқародан 239 минг нафарини ишга жойлаштирдик. Бу кўрсаткични ўтган йилга нисбатан 20 фоизга оширдик", - деди вазир.