ТОШКЕНТ, 4 июн – Sputnik. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжумани давомида Ўзбекистонда норасмий банд бўлган фуқароларнинг 2,5 миллионга яқинини доимий равишда чет элда фаолият юритишини айтиб ўтди.
Sputnik Ўзбекистон мухбири хабари асосида.
"Ўзбекистонда етарли иш ўринларини яратиб бера олмаганимиз, фуқароларимизга шароит қилиб бера олмаганлигимиз учун бундай ҳолат юзага келишида биз, яъни бандлик вазирлиги айбдормиз. Қўлимизда шунча имкониятлар бўла туриб, фуқароларимизга уларнинг ижтимоий муҳофазаси, бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорида талаб этиладиган касблар бўйича қайта тайёрлаб, иш топиб бериш нуқтаи-назаридан ишларимиз қониқарсиз, деб ўйлайман", - деди Кудбиев.
Вазир сўзларига кўра, бандлик органлари етарли даражада фуқароларга хизмат кўрсата олмагани оқибатида ишсизлик даражаси деярли 9,3 фоизга етган.
"Энг ёмони иш берувчиларни қаноат ҳосил қилмаганлик синдроми - яъни 1,5 млнга яқин ишсизларимиз бор, аниқ рақами - 1,391 минг, лекин шу билан бирга 150 мингга яқин ўртача ойлик тўлайдиган вакансияларни банд қилиш учун резюме топиб бера олмаяпмиз. Оддий мутахассисликлар - IT-мутахассислари, ветеренар, тикувчи, тракторчи яъни механизаторчилар етишмаяпти. Мана буғдой йиғим-терими бошланмоқда, лекин замонавий тракторларни ҳайдайдиган мутахассис механизаторчилар етишмаяпти", - деб қўшимча қилди вазир.