ТОШКЕНТ, 27 май – Sputnik. Ўзбекистон Давлат Санъат музейи ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши княз Николай Романов жамлаган такрорланмас картиналар коллекциясини уларнинг асл жойига – Тошкентдаги собиқ Романов саройига қайтаришни сўрашмоқда. Бу ҳақида кенгаш аъзолари 26 май куни бўлиб ўтган мажлисда хабар қилишди.
Санъат музейи ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг фикрига кўра, шаҳзода Николай Романовнинг картиналар ва қимматли буюмлар коллекцияси унинг саройга қайтарилса – ушбу жой Ўзбекистонда яна бир ажойиб музейга айланарди. Унинг оммавийлиги Нукусдаги Савицкий музейидан қолишмаган бўлади, дейилган хулосада.
19 аср охирида ва 20 аср бошида Тошкентда яшаган Рус шаҳзодаси Николай Константинович Романов ўз саройида Марказий Осиёда энг йирик бўлган Европа ва рус рассомларининг такрорланмас картиналар жамланмасини тўплаган. Ушбу картиналар кейинчалик Ўзбекистон Санъат музейи фондига ўтказилган.
Николай Романовнинг Тошкентдаги саройи 1891 йилда архитекторлар А.Л. Бенуа ва В.С. Гейнцельцман томонидан қурилган. Сарой биноси пишиқ ғиштдан, ўша вақтда Россияда русум бўлган “Модерн” услубида қурилган. Сарой - узун икки қаватли бино бўлиб унинг тўрт томонида минора услубида баландроқ кўтарилган. Марказида эса - баланд найзасимон шпильга эга бўлган қабуллар зали жойлашган. Сарой ичидаги хоналар ҳам европача услубдаги ҳам ўзбек миллий услубидаги нақшлар билан безатилган.
Сарой олди ҳайвонлар ҳайкаллар билан безатилган бўлган, унинг ортида эса дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган дарахтлар экилган боғ бўлган.
Коммерсант ёзишига кўра, княз Николай Романов Тошкентни яхши кўрган. Маҳаллий аҳоли билан ҳам унинг муносабатлари яхши бўлган. Романов Тошкентда ўзини “полковник Волынский”, кейинчалик эса “Искандар” деб атаган. У Тошкентда жуда кўплаб дарахтлар экишга бошчилик ва ҳомийлик қилган. Кейинчалик Тошкентда пахта, совун заводи очган ва квас ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Николай Романовнинг ўзи ушбу саройда 1918 йилда вафот этгунига қадар яшаган. Ўлимидан олдин у ўзининг Европа ва Россиялик рассомлар қаламига мансуб картиналар жамланмасини Тошкентга совға қилган ва ушбу саройда музей очишни васият қилган.
Шаҳзода ўлимидан кейин бир неча йил саройда ҳақиқатдан ҳам санъат ва антиквариат музейи бўлган, кейинчалик даврида бу ерда Пионерлар уйи фаолият юритган. Мустақиллик йилларида Романов саройи Ташқи ишлар вазирлигининг Маросимлар саройи бўлган. Сўнгги 2 йил давомида эса ушбу бино ҳокимият тасарруфига ўтказилган эди.
2019 йил бошида Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова ушбу сарой яқин вақт ичида музейга айланиши мумкинлигини хабар қилган эди.