Музей сақловчиси: ўзбеклар безаш устаси

© Sputnik / Вадим ШекунТюбетейки. Узбекистан, Шахрисабз. Артель “Худжум” 1936 г.
Тюбетейки. Узбекистан, Шахрисабз. Артель “Худжум” 1936 г. - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Москвадаги Қўли гул ўзбек усталари ҳамда серқуёш ўлка - Ўзбекистонга сафаридан илҳомланиб ўз ижод намуналарини яратган моҳир рус ҳунармандларининг энг сара экспозициялари Москвадаги Умумроссия амалий санъат музейида ўтказилган "Ўзбекистон маданий мероси хазиналари" кўргазмасида намойиш этилди.

ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik, Дилшода Рахматова. Шу кунларда Москвадаги Умумроссия безак ва амалий санъат музейида, Третяковка галереяси иштирокида тайёрланган “Ўзбекистон маданий мероси хазиналари” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Ташкилотчиларнинг таъкидига қараганда, бундай кенг кўламли кўргазма биринчи маротаба ўтказилмоқда.

Кўргазманинги ўзбек миллий матоларига бағишланган бўлимида Бухоро зардўзларининг моҳир қўллари билан яратилган нафис буюмлар билан танишиш мумкин. Шунингдек, ўзбек кулолчилик намуналари ҳам кишини маҳлиё қилмай қўймайди. Умумроссия музейининг бешта залида бундан ташқари, 1930-йилларда яратилган заргарлик буюмлари, металл буюмлар, ёғоч ўймакорлиги ва ёғоч нақш санъати, безатилган патнислар, мусиқа асбоблари, каштадўзлик буюмлари, ўзбек миллий кийимлари-ю, бошқа кўплаб қизиқ экспонатларни томоша қилиш мумкин.

© Sputnik / Вадим ШекунМосквада Ўзбекистон маданий меъроси кўргазмаси
Ўзбекистон маданий мероси ҳазинаси кўргазмаси - Sputnik Ўзбекистон
Москвада Ўзбекистон маданий меъроси кўргазмаси
Ушбу коллекциялар россиялик моҳир усталар томонидан Ўзбекистон мавзусида яратилган санъат асарлари намуналари билан тўлдирилган. Жумладан, Федоскино, Мстер ва Холуялик усталарнинг ўзбеклар маиший ва кундалик ҳаётига бағишланган миниатюралари билан безатилган.

“Сиз ҳозир олдида турган эшик, Умумроссия амалий санъат музейининг 1939 йилда Ўзбекистонга уюштирилган экспедициясида олиб келинган, — дейди Татьяна Рыкова, музей сақловчиси.  - Ўзбек уйлари хусусиятлардан бири, бу – ички хоналарнинг камтарона бўлишига қарамасдан, кириш эшигининг ҳашаматли безатилишидир. Кўргазмамизда намойиш этилаётган шийпонча, хонтахта ва ёғоч парда 1937 йилги Париж кўргазмаси учун атай моҳир ўзбек усталари томонидан тайёрланган. Ўшанда ўзбек ёғоч ўймакорлик ва зардўзлик санъати асарлари Парижда бир нечта олтин ва кумуш мукофотларга сазовор бўлган. Ўзбекистонлик ўймакорлар ишлаган буюмларнинг донғи бутун дунёга машҳур.” 

© Sputnik / Вадим ШекунЎзбекистон маданий меъроси кўргазмаси
Ўзбекистон маданий мероси ҳазинаси кўргазмаси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон маданий меъроси кўргазмаси
Музей сақловчиси Рыкованинг сўзларига қараганда, кўргазма ташкилотчилари ўзбек амалий санъатини кенг кўламда, унинг бор ҳусни-тароватини кўрсатиб беришга ҳаракат қилишган. “Экспонатларнинг бари ёрқин бўёқлар ва ранг-баранг нақшлар билан безатилган. Ўзбеклар шубҳасиз, безашга уста”, — дея эътироф у.

Ўзбек меъморчилигида муҳим рол ўйнаган ёғоч ўймакорлик санъати кундалик рўзғор буюмлари тайёрлашда ҳам ўз ифодасини топган. Турли сандиқчалар, жавонлар, қутичалар, хонтахталар, миллий мусиқа асбоблари, кўп қиррали безакли столчалар, шийпончалар шулар жумласидан.  XIX аср охири XX аср бошларида шарқона услубда ясалган ушбу буюмлар Европада жуда  талабгир бўлган.

© Sputnik / Вадим ШекунЎзбекистон маданий меъроси кўргазмаси.
Ўзбекистон маданий мероси ҳазинаси кўргазмаси: қутича. Ўзбекистон, Тошкент 1936 йил - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон маданий меъроси кўргазмаси.
Ёғоч ўймакорлиги санъатида Ўзбекистонда маҳаллий ёғоч турларининг энг яхшиларидан фойдаланилади: ёнғоқ, чинор, қайроғоч, арча, тут, терак ва ўрик. Кўргазмада безатилган гулдонлар, кўзачалар, турли ўлчам ва кўринишдаги лаганлар ва аёллар буюмлари намойиш қилинган.

Экспозиция марказида Россия нақш ва безак санъати марказлари ҳисобланган Федоскино, Мстер ва Холуялик усталарнинг Ўзбекистонга саёҳатлари таасуротлари асосида Ўзбекистон мавзусида яратилган ишлари ўрин олган. 

Ушбу усталар яратган миниатюраларнинг асосий қаҳрамонлари оддий меҳнаткаш халқ вакилларидир.

Номаълум муаллифлар томонидан 1930 йилларда яратилган “Ўзбеклар чой ичмоқда”, “Ўзбек гиламдўз аёллари” асарларида, федоскинолик уста Кругликов Алексейнинг “Ўзбеклар. Газета ўқиш” ва уста Семенов Иваннинг  “Ўзбеклар чойхонада” асарларида рус рассомлари томонидан ўзбек маҳаллий турмушининг ўзига хос фазилатлари, бетакрор ўзига хослигини ва миллий хусусиятлари акс эттирилган. Миниатюралар жанубий ўлка қуёши нурларини ўзига сингдириб олган ёрқин ранглари ҳамда лўнда ва ишонарли образлари билан ажралиб туради.

© Sputnik / Вадим ШекунМосквада Ўзбекистон маданий меъроси кўргазмаси
Ўзбекистон маданий мероси ҳазинаси кўргазмаси - Sputnik Ўзбекистон
Москвада Ўзбекистон маданий меъроси кўргазмаси
Санъат асари даражасида яратилган миллий кийимлар ҳам алоҳида диққатга сазовор. Олтин ва кумуш кашталар билан безатилган духобалардан тикилган чопон, нимча ва дўппилар шулар жумласидан. XX аср бошида Бухорода тикилган, четлари ипак тасма билан безатилган духоба чопон ўзбек зардўзи усталари моҳирлигининг олий даражасини намойиш қилади.  

Ўзбекистонда одат бўлган, матоларга безак бериш санъати – бу халқ усталарининг олий даржадаги моҳирлик белгиси бўлиб, у ўтган замон урф-одатлари билан бир қаторда замонавийликни ўзида мужассамлаштирган. Маънодор нақшлар, чизиқ ва ранглар уйғунлигини ўзида жам қилган миллий матолар яратиш ҳунари — санъат даражасига кўтарилган.

© Sputnik / Вадим шекунМосквада Ўзбекистон маданий меъроси кўргазмаси.
Ўзбекистон маданий мероси ҳазинаси кўргазмаси - Sputnik Ўзбекистон
Москвада Ўзбекистон маданий меъроси кўргазмаси.
Ўзбекистонда яратилган энг машҳур мато, бу – “Хон атлас”, албатта. “Хон-атлас” ватани бўлган Фарғона водийсида уни, булутга ўхшаш бўлгани учун — “аброва” деб аташади. Европада эса атлас матолар “икат” деб ном олган.

“Хон-атлас”, шубҳасиз Ўзбекистоннинг ҳақиқий бойлигидир. Унинг остки қатламида ингичка чизиқлар билан чизилган нақш — энг муҳим ўрин тутади. У кийим эгасини кўз тегишидан сақлайди. Ундан ташқари “Хон-атлас”да  “тўморча”, “тароқ”, “илон изи”, “чироғ”, турли гуллар ва ўсимликлар, инсон ва ҳайвонлар рамзи солинган бўлиб, ушбу тасвирлар тарихи Зардўштлик даврларига бориб тақалади. Қадим замонларда ушбу нақш ва гулларнинг рамзий маъноси, бу — кийим эгасини турли балолардан сақлаш бўлган.

© Sputnik / Вадим Шекун"Ўзбекистон маданий мероси ҳазинаси" кўргазмаси. 19 асрга оид либослар.
Ўзбекистон маданий мероси ҳазинаси кўргазмаси. 19 асрга оид либослар. - Sputnik Ўзбекистон
"Ўзбекистон маданий мероси ҳазинаси" кўргазмаси. 19 асрга оид либослар.
“Бу ерда намойиш этилган матолар, умуман барча безатилган матолар бутун экспозицияга такрорланмас колорит бахш этади. Биз Ўзбекистон ҳақида эслаганда, баркамол меъморчилик ёдгорликларидан ташқари, ёрқин ва ранг-баранг кийимларни ва ушбу кийимлардаги одамларни кўз олдимизга келтирамиз. Биз ўз кўргазмамизда,  ўзбек мато яратувчи, зардўз ва дўппидўз чеварлари эришган мукаммаллик ва баркамоллик даражасини кўрсатишга ҳаракат қилдик. Биз ўз кўргазмамизда ҳайратомуз нақшлар билан безатилган “сўзана”ларни ҳам намойиш қилмоқдамиз. Ўйлаймизки, улар барча санъат асарлари мухлисларига манзур бўлади”, — дейди музейнинг матолар бўлими бошлиғи Светлана Исраелова.

Сўзана (форс. нина билан тикилган) – ипак,ёки пахта матога ранг –баранг ипак иплар ёрдамида тикилган турли гул ва нақшлар билан безатилган девор каштасидир.  Қадим замонларда бундай девор безаги ҳар бир уйда мавжуд бўлган. Энг катта сўзаналар бўйи ва эни бир неча метрли бўлиб, одатда, улар оилада катта тўй ёки байрам мунособати билан тикилган.   

Урф-одатларга кўра, ўзбек оиласида қиз бола туғилса, онаси унга атаб сўзана тика бошлаган. Кейнчалик, ушбу сўзана қиз боланинг никоҳ тўйига совға бўлган.

Қизлар эса ўз сўзаналарини 10-12 ёшдан тика бошлаганлар ва уни никоҳ тўйига қадар якунлашлари керак бўлган. Одатда сўзана устида иш охирига етказилмаган. Бу — келиннинг келажакда қиз кўриш нияти борлигинини англатган. Яъни қизалоқ онаси бошлаган ишни давом эттириши мумкинлиги маъносини ифода этган.

© Sputnik / Вадим ШекунМосквада Ўзбек маданий меъроси кўргазмаси. Сўзана.
Музейга келувчилар Ўзбекистон маданий мероси ҳазиналари кўргазмасини томоша қилишмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Москвада Ўзбек маданий меъроси кўргазмаси. Сўзана.
Қадим замонларда, зардўзлик ва тикувчилик ҳунари жуда юқори баҳоланган. Агар совчилар келган қизнинг қўлида зардўзлик ҳунари борлиги маълум бўлса, унга бериладиган қалин нархи юз баробар ошиб кетган…

Ўзбекистон амалий саъатининг бенуқсон намуналарини кўришни истаган москваликлар ва шаҳар меҳмонлари 25 сентябрга қадар кўргазмага ташриф буюришлари мумкин.

Янгиликлар лентаси
0