ТОШКЕНТ, 15 апр - Sputnik. Ўзбекистон ИИВ Ислом Тўлагановнинг муддатидан илгари озодликка чиқарилиши юзасидан расмий ахборот берди.
Хабарда қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан қамоқ муддати ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган Исломбек Тўлаганов жазонинг қолган қисмини Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Пробация хизмати назорати остида ўтамоқда.
Таъкидланишича, суд қарор қабул қилишда Исломбек Тўлаганов жазони ижро этиш вақтида колонияда ўрнатилган тартибни бузмагани, виждонан меҳнат қилганига эътибор қаратган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 30 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди томонидан май ойида Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Исломбек Тўлагановга ўз курсдоши Жасур Иброҳимовни калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун олти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 90- моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) ва Жиноят-процессуал кодексининг 536-моддасига (жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тартиби) мувофиқ, Исломбек Тўлагановга тайинланган жазонинг ўталмай қолган 4 йил 5 ой 15 кунлик қисми ахлоқ тузатиш ишлари ва иш ҳақининг давлат ҳисобига 20 фоизи ушланиб қолишига алмаштирилди.