Ўзбекистон ҳукумати эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли болаларига ёрдам беради

Кам таъминланган оила болалари замонавий ягона мактаб формаси; асосий турдаги ўқув қуроллари; бадиий китоблар билан таъминланадилар. Шунингдек, улар учун республика оромгоҳларида дам олиши ва саёҳатлар ташкил этилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 мар - Sputnik. Ҳукумат қарори билан Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

БМТ болалар жамғармаси Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга ёрдам беради

Низомга мувофиқ, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар томонидан амалга оширилади.

 

Хусусан, ўқувчилар қуйидагилар билан таъминланади: замонавий ягона мактаб формаси; асосий турдаги ўқув қуроллари; бадиий китоблар. Шунингдек, ўқувчиларга газета ва журналларга обуна бўлишда амалий ёрдам кўрсатилади ҳамда уларнинг республика оромгоҳларида дам олиши ва саёҳатлар ташкил этилади.

Болаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ва маҳаллалар ҳар йили 1 июнгача идоралараро кенгашларга ёзма тавсия билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этади: ўқувчиларнинг ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлганда); ўқувчи ва оила аъзоларининг паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари; ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда); боқувчисини йўқотганлик тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда).

Ҳужжатлар ҳар йили 10 июнгача идоралараро кенгашлар томонидан кўриб чиқилади ҳамда 15 июнга қадар вилоят кенгашларига тақдим этилади.

Қўллаб-қувватлаш бўйича қарор ҳар йили 30 июнга қадар қабул қилинади.