ТОШКЕНТ, 30 мар - Sputnik. Ҳукумат қарори билан Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар томонидан амалга оширилади.
Хусусан, ўқувчилар қуйидагилар билан таъминланади: замонавий ягона мактаб формаси; асосий турдаги ўқув қуроллари; бадиий китоблар. Шунингдек, ўқувчиларга газета ва журналларга обуна бўлишда амалий ёрдам кўрсатилади ҳамда уларнинг республика оромгоҳларида дам олиши ва саёҳатлар ташкил этилади.
Болаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ва маҳаллалар ҳар йили 1 июнгача идоралараро кенгашларга ёзма тавсия билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этади: ўқувчиларнинг ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлганда); ўқувчи ва оила аъзоларининг паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари; ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда); боқувчисини йўқотганлик тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда).
Ҳужжатлар ҳар йили 10 июнгача идоралараро кенгашлар томонидан кўриб чиқилади ҳамда 15 июнга қадар вилоят кенгашларига тақдим этилади.
Қўллаб-қувватлаш бўйича қарор ҳар йили 30 июнга қадар қабул қилинади.