Тошкент вилоятидаги сайёр қабулда 600 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди

Ўзбекистон президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонасида Президент администрацияси томонидан сайёр қабул ўтказилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. Ўзбекистон президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонасида Президент администрацияси томонидан ўтказилган сайёр қабулда 600 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди.

Сайёр қабулда аҳоли мурожаати мазмунидан келиб чиқиб, уларни Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мухаммадиев, Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор Отабек Муродов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари қабул қилди.

Халқ қабулхоналари ўзбекистонликлар муаммоларини уйма-уй юриб ҳал қилади

Тошкент вилоятида мурожаатлар билан ишлаш тизими сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 2 ойида 5 минг 600 жисмоний ва юридик шахс вилоят, туман ва шаҳардаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган. Мурожаатларнинг 3 минг 500 дан ортиғи, яъни 63 фоизи қаноатлантирилган.

Шу даврда вилоят ҳудудида 530 дан ортиқ сайёр қабул ўтказилиб, 4 минг 500 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган. Уларнинг қарийб 2 мингтаси қаноатлантирилган.

Халқ қабулхоналари қай тарзда хонадонларга кириб бормоқчи?

Сайёр қабулда ҳар бир мурожаатчининг арзи-ҳоли тингланиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда бартараф этиш чоралари кўрилди. Аксарият мурожаатларда келтирилган қонун бузилиши ҳолатлари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар жойида ҳал этилди.

Аҳоли билан очиқ мулоқот мобайнида аҳолининг 600 дан ортиқ мурожаати тингланиб, маълум қисми жойида бартараф этилди. Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш ёки вақт тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга вазифа белгиланиб, ижроси назоратга олинди.