ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Эфиопияда Ethiopian Airlines авиакомпанияси самолёти билан содир бўлган авиаҳалокатда ҳеч ким омон қолмаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилмоқда.
Агентликнинг маълум қилишича, ҳалокатга учраган самолётда 33 давлатдан бўлган 149 нафар йўловчи ҳамда экипажнинг 8 нафар аъзоси бўлган.
Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг маълумотига қарашганда, Boeing 737-800 MAX самолёти маҳаллий вақт билан соат 08:38 да Эфиопия пойтахти Аддис-Абебадан Кения пойтахти Найробига парвоз қилган, соат 08:44 да эса самолёт билан бўлган алоқа узилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эфиопияда Ethiopian Airlines компаниясининг Boeing 737 йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар қилган эдик.