ТОШКЕНТ, 1 мар - Sputnik. “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳининг асосчиси Усама бен Ладеннинг ўғли Ҳамза Афғонистон ва Покистон чегараларида ёки Эронда яширинаётган бўлиши мумкин.
Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг дипломатик хавфсизлик бўйича бюроси раҳбари Майкл Эванофф маълум қилди, деб хабар қилди РИА Новости.
“Биз у Афғонистон ва Покистон чегараларида бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпмиз. Эҳтимол, у Эронга кетган. У террорчиларнинг янги етакчиси бўлиши мумкин... Марказий Осиё жанубидаги исталган ерда бўлиши мумкин”, - деди Эванофф.
Аввалроқ АҚШ ҳукумати терроризмга алоқадорлик учун санкциялар рўйхатида бўлган Ҳамза бен Ладен ҳақидаги маълумот учун 1 миллион долларгача пул мукофотини эълон қилган.