Қирғизистондаги олти йиллик фаолияти давомида Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Комил Рашидов ушбу унчалик катта бўлмаган тоғли мамлакат ҳаёти ҳақида кўп нарсаларни билиб олди. Элчи Спутник Қирғизистонга берган интервьюси давомида икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг нозик жиҳатлари, Қирғизистонда харидларни амалга ошириш борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳамда ўз ватанида қандай қирғиз молларининг бозори чаққонлиги борасида сўзлади.
— Ўзбекистонда Қирғизистоннинг қайси товарларини яхши харид қилишади? Шунингдек, икки давлат ўртасидаги савдо муносабатлари истиқболлари ҳақида билишни истардик?
— Сўнгги икки йилда республикаларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга чиқди. Ўзингиз баҳо беринг: бу вақт мобайнида савдо айланмаси икки баробар ошди ва 2018 йилнинг январь-ноябрь ойларида 360 миллиондан ортиқни ташкил этди. Шу билан бирга президентларимиз бу рақамларни ярим миллиардгача ошириш топшириғини қўйган ва бу учун салоҳият етарли.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Қирғизистон товарларига талаб юқори. Мисол учун ҳозирда бизда қурилиш ишлари авж олган, ва ўзбек цемент заводлари қуввати етишмаяпти. Шу боис қурувчиларимиз катта миқдорларда цементни Қирғизистондан олиб киришмоқда.
Шунингдек, ўзбекистонликлар ҳозирда Қирғизистон электр қувватидан фойдаланишмоқда. Аксарият энергетика корхоналаримиз ҳозирда реконструкцияда бўлгани учун мамлакатда электр қуввати етишмаяпти.
Ўзаро алмашишимиз мумкин бўлган товарлар ҳам кўп. Мисол учун, Ўзбекистон бу ерга ўзи ишлаб чиқарадиган автомобилларни, пахта ва буғдой уруғини, сантехникани, матоларни, кийим-кечакларни ва бошқа кўплаб молларни етказиб бериши мумкин.
Иккала мамлакат учун қўшма корхоналарни ташкил қилиш ва ҳамкорликда бошқа давлатлар бозорларига чиқиш фойдалидир. Ана шундай иккита ишлаб чиқариш аллақачон ташкил этилган: улардан бири Ўш вилоятида жойлашган.
У ерда металл-платик ромлар ва эшиклар ишлаб чиқариладиган завод ишга туширилган. Шунингдек, яримавтомат кир ювиш машиналарини ишлаб чиыариш заводи ишга туширилди. Буларнинг барчаси юқори технологик ишлаб чиқаришлар бўлиб, улар немис технологиялари асосида ишлайди.
— Қирғизистонликлар мана бир йилдирки, маҳаллий бозорда ўзбек автопроми пайдо бўлишини кутишмоқда, аммо бу рўй бермади.
— Ҳозирда иқтисодий идораларимиз ва UzAutoSanoat компанияси раҳбарияти ўртасида чуқур музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозирда Қирғизистон ҳудудида йирик ҳажмда автомобил йиғиш иқтисодий жиҳатдан қай даражада ўзини оқлашини ҳисоблаб чиқмоқдамиз.
Бундан ташқари, корхонанинг ўзида ҳам муаммолар мавжуд эди. Лекин ҳозир вазият яхшиланмоқда, муҳим янгиликлар пайдо бўлди. Мисол учун, илгарилари машина харид қиладиганлар ўртасида навбат қоидаларига амал қилинмаётгани ҳақида кўп шикоят тушар эди. Энди эса бу соҳа шаффоф бўлган, электрон навбат жорий қилинган. Шунингдек биз Ўзбекистондаги машиналар ассортиментини кўпайтириш учун Хитой, Корея ва Франциядан автомобил концернларини жалб қилишни режалаштирмоқдамиз.
Қирғизистонга келадиган бўлсак, ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш бўйича ҳам лойиҳамиз бор. Бу бизларнинг фермерларимиз учун катта кўмак бўлади ва биз учминчи давлатларга мева-сабзаворлар етказиб бериш ҳажмини оширишимиз мумкин.
— Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Ravon автомобиллари Қирғизистонда оммабоп. Аммо кузда "Женерал Моторс Ўзбекистон" компанияси автомобиллар нархи 8 %га ошишини қайд этган эди.
— Ўтган йил Ўзбекистон ўз валютасини либераллаштиришга ўтган ва бу ҳақиқатда нархлар кўтарилишини келтириб чиқариши мумкин эди. Аммо автомобил харид қилишни хоҳловчилар учун турли чегирмалар ва акциялар мавжуд. Шунингдек, машинани кредитга олиш мумкин. Ўзим ҳам яқинда Ravon олдим: ярмини шу заҳоти тўладим, қолган тўловни кейин амалга ошираман.
— Ўзбекистон фуқаролари охирги вақтларда тез-тез Қирғизистонга ишлашга келишмоқда. Улар меҳнат бозорида яхшигина рақобатни юзага келтиришди ҳам. Айтингчи, Қирғизистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўзбекистонликлар нималардан хабардор бўлишлари керак?
— Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида абадий дўстлик ҳақида шартнома имзоланган, бу ҳужжатда давлатлар фуқаролар учун қулай шароитларни яратишга мажбурлиги борасида айтилган. Биринчи навбатда ўз ҳамюртдаримни Қирғизистон қонунларини, шунингдек, урф-одатлари ва маданиятини ҳурмат қилишга чақирган бўлар эдим.
2006 йилдан давлатлар ўртасида визасиз тартиб жорий этилган, аммо беш иш куни давомида вақтинчалик рўйхатдан ўтиш лозим. Бу нормага амал қилмаслик 10 минг сом (тахминан 145 доллар) миқдорида жарима тўлашга олиб келади.
Шунингдек, иш берувчи сизни қонуний асосда ишга қабул қилаётганига ишонч ҳосил қилиш керак. Мен бундай вазиятларда зудлик билан чора кўра оладиган идоралар, чет эл фуқароларини иш билан таъминлаш масалаларини тартибга солиш билан шуғулланадиган муассасаларни ҳамда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимларини ҳамкорликка чақирган бўлардим.
Менинг билишимча, бу ерга сайёҳ сифатида келадиган ҳам ўзбекистонликлар сони ортган. Биргина жорий йилда Иссиқ-Кўлда 300 мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари ҳордиқ чиқаришган.
— Сиёсат мавзусидан четлаша олмаймиз. Ўзбекистон келажакда ОДКБга қайтиши режалаштирилганми?
— Ўзбекистоннинг ташқи-сиёсий фаолияти концепциясида Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий блокларга, шу жумладан, ОДКБга қўшилмаслиги ҳақида айтилган. Шунингдек, бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги тинчлик ўрнатиш операцияларида ҳам иштирок этмайдилар. Биз ўз ҳудудимизда чет эл ҳарбий базаларини жойлаштирмаймиз.
Шу билан бирга биз давлатлар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш учун иккиёқлама муносабатларни қўллаб-қувватлаймиз, хусусан ҳарбий-техник ҳамкорликни амалга оширамиз. Илгарилари бизнинг қўшинларимиз ҳарбий машғулотларда иштирок этишмас эди, аммо ҳозир вазият ўзгарган.
— Сиз узоқ муддат Қирғизистонда истиқомат қилдингиз. Нима деб ўйлайсиз, қирғизлар ўзбеклардан нимаси билан фарқ қилади, яъни уларнинг ўхшаш томонлари мавжудми?
— Буюк ёзувчи Чингиз Айтматов кунларнинг бирида қирғизлар ва ўзбеклар - битта халқ, деб айтган. Биз урф одатларга ҳурмат билан қараймиз, меҳмондорчилик ва очиқликни қадрлаймиз. Кимгадир ёрдам бериш учун охирги нарсамизни ҳам беришга тайёрмиз.
Сизга бир воқеани сўзлаб берсам. Кунларнинг бирида Хитой, Россия ва бошқа давлатлар дипломатлари билан биргаликда икки кунга Боом ғорига йўл олдик. Кечки овқатни бир қирғиз аёли тайёрлади. Мен у билан саломлашиб, ўз ёрдамимни таклиф қилдим. Биз биргаликда салат тўғрадик, дастурхон безатдик ва суҳбат қурдик.
Орадан қанчадир вақт ўтиб, атрофдагилар бизга ҳайрон қараб турганини пайқадим. Улар мендан қайси тилда гаплашишаётганимизни сўрай бошлашди. Мен она тилимизда дедим. Улар тушунишмади. Шунда қирғизистонликлар ўзбек тилини яхши тушунишлари ва аксинчалигини тушунтиришга тўғри келди. Уларни бу ҳолат ҳайратга солди.