ТОШКЕНТ, 25 дек - Sputnik. Ўзбекистонда 2018 йилнинг ўтган 11 ойи давомида давлат раҳбарлари даражасида 21 та ташриф амалга оширилди. Бу ҳақда сешанба куни йил якунларига бағишланган брифинг давомида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов маълум қилди. Sputnik Ўзбекистон мухбири хабарига асосан.
Хусусан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг хорижий мамлакатларга 13 та ташрифи (2 та давлат ташрифи - Тожикистон ва Ҳиндистонга, 2 та расмий ташриф - АҚШ ва Францияга, 9 та ишчи ташриф – кўп томонлама тадбирларда иштирок етиш учун) амалга оширилди.
Ўзбекистонга 8 та давлат (Афғонистон, Белоруссия, Миср, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия) раҳбарлари ташриф буюришди.
Умуман олганда 2018 йил мобайнида 30 дан ортиқ давлатлар ва халқаро тузилмалар раҳбарлари билан олий даражадаги музокаралар олиб борилди, 180 та икки томонлама шартнома ва келишувлар имзоланди.