Сенат раиси 30 йилдан буён бажарилмаётган қонун ижросини талаб қилди

Ниғматилла Йўлдошев хорижий сўз ва шевалардан фойдаланаётган бошловчилар, тил қоидаларига риоя қилмайдиган реклама ва ўзбек тилида нусхаси бўлмаган қонунларни танқид қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 дек - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўзбек тили бепарволик ва эътиборсизлик туфайли абгор ҳолатга тушиб қолаётгани ҳақида баёнот қилди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Ўзбек тилининг тарихи ёхуд Ходжа, Досмат, Махаматлар қандай пайдо бўлгани ҳақида

Йўлдошевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги қонуннинг 30 йиллиги муносабати билан, "ушбу шонли санани нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш ва ўзбек тили ривожи билан боғлиқ муаммоларни таҳлил этиш мақсадида" давлат тили ҳақидаги қонуннинг Тошкент шаҳрида, шунингдек, турли вазирлик ва идораларда ижро этилиши ҳолати ўрганилган.

"Ўрганишда мустабид тузум ҳукмронлиги даврида халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсоли сифатида қабул қилинган ушбу қонун ижроси йиллар давомида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилгани аниқланди", - деб таъкидлади Сенат раиси.

Йўлдошев сўзларига кўра, энг афсусли жиҳат шундаки, тилнинг ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим омил саналишига ва инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишига аҳамият қаратилмаган.

Аксинча, қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси фаолиятлари тугатилган, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ишлари эса, белгиланган муддатда тўлиқ якунига етказилмаган. Кейинчалик қабул қилинган қонунлардаги нормаларнинг "Давлат тили ҳақида"ги қонунга мувофиқлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолган.

Янги ўзбек тили ва адабиёти университетига 300 нафар талаба қабул қилинади

"Қонунда жавобгарликка тортишга асос бўлувчи нормалар мавжуд бўлса-да, қонун нормаларининг мунтазам бузиб келинаётгани учун бирон-бир айбдор шахс белгиланган тартибда жавобгарликка тортилмади. Аччиқ бўлса-да, айтишга тўғри келади – бу ҳолат қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ўрнига, уни маълум маънода рағбатлантирмоқда", - деди Йўлдошев.

Сенаторнинг таъкидига кўра, бу каби яна кўплаб камчиликлар ва ҳанузгача давом этаётган қонунбузарликлар, "қонуннинг эгасиз ва ожиз бўлиб қолгани оқибатида давлат тили нуфузи пасаймоқда".

"Телеканалларда эфирга берилаётган, номи инглизчаю, ўзи гўёки ўзбекча кўрсатувлар тил қоидаларига мутлақо ётлиги масъулларни ҳам, кўрсатувни тайёрловчи "ижодкорларни" ҳеч бўлмаганда уялтирмаяпти", - деди Йўлдошев.

Сенатор лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида сабоқ олишни бошлаган ёшлар бугун 23 ёшдан ошганини айтди.

"Фундаментал-илмий, бадиий, сиёсий ва бошқа адабиётларнинг аксарияти эса кириллча қолиб кетган. Оқибатда, ҳаётнинг айни илм олишга зарурият ва иштиёқ туғилган жўшқин палласида аксарият ёшларнинг имконияти чекланиб қолмоқда. Бир сўз билан айтганда, тилимизнинг абгор ҳолатга тушиб қолаётганига ўзимиздаги бепарволик, эътиборсизлик ва масъулиятсизлик сабаб бўлмоқда", - деб ҳисоблайди сенатор.

Эксперт лотин алифбосининг асосий камчиликлари хусусида фикрини айтди

Шу боис, Сенат кенгаши Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа масъул тузилмаларга шу каби кўплаб камчиликларни, давлат тили ривожига тўсиқ бўлаётган шарт-шароитларни бартараф қилишга қаратилган тавсияларни берди. Хусусан, "Давлат тили ҳақида"ги қонун ижросини тўлиқ таъминлашга оид чора-тадбирлар, белгиланган "Йўл хариталари"ни тасдиқлаш, қонун талабларини вазирлик ва идоралар томонидан бажарилиши ҳолатини Вазирлар Маҳкамасининг раёсатида мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш зарурияти белгиланди.