Ҳарбий қўшинларни тўсатдан текшириш давом этмоқда

Ўзбекистонда Қуролли кучларни тўсатдан текшириш давом этмоқда. Қўшинлар ўқув-жанговар вазифаларни бажариш пунктларига ташланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларни тўсатдан текшириш амалиётини давом эттирмоқда, деб хабар қилди Sputnik мухбири.

"Президент фармойишига мувофиқ 26 ноябрда эрта тонгда Ўзбекистон Қуролли кучлари ўқув тревогаси бўйича кўтарилган эди. Айни дамда қўшинлар ўқув-жанговар вазифаларни бажариш пунктларига ташланди", - дейилган хабарда.

Қўшинлари жанговар шайлигини мажмуавий текширишнинг иккинчи босқичида жанговар ҳаракатларни бажаришда белгиланган пунктларга шахсий таркиб ҳамда ҳарбий техникаларнинг автомобиль ва темирйўл техникаси ёрдамида олиб ўтилиши билан қўшинларнинг тезкорлиги ва шайлиги намойиш этилди.

Мирзиёев нега қўққисдан ҳарбий тревога эълон қилди?

Мудофаа вазирлиги қўшинлари саккизта полигонга жойлаштирилди. Ўқув-машғулотлари бўйича навбатдаги ҳаракатлар “Шўрсу”, “Ангрен”, “Фориш”, “Каттақўрғон”, “Нуристон”, “Термиз” ва “Нукус” полигонларида бўлиб ўтяпти, ҳарбий округларнинг бирлашган гуруҳлари очиқ ҳудудга жойлаштирилди ва махсус операцияларни ўтказиш режалаштирилди.

Разведка маълумотлари асосида куч ва воситалар ҳаракатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Мобил бошқарув пунктларида ишлар уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

Бўлинмаларни бошқариш ва ҳаракатларини мувофиқлаштиришда энг муҳим жиҳат — бу, шубҳасиз, барқарор алоқа  ташкил этиш экан. Қўшинларда алоқанинг узлуксизлиги таъминланган ва мунтазам қўллаб - қувватланмоқда.

Ўзбекистонда ўтказилган оммавий ўқув-тревогаси ҳақида эксперт нима деди

Шу куннинг ўзида штурм ҳамда қўниш имкониятига эга авиация техникалари ёрдамида шахсий таркибни десантлаштириш масалалари кўриб чиқилди, жанговар самолёт ва вертолётлар асосий аэродромлардан заҳирадаги ҳарбий округларнинг аэродромларига олиб ўтилди. Куч тузилмаларининг бошқарув органлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.

Ўта муҳим ва тоифаланган объектларни қўриқлаш ва ҳимоя қилишда қўриқлов бўлинмалари жанговар ҳолатда хизматни амалга оширишига ўтказилди.

Жанговар вазифаларни бажариш пунктларида алоҳида ўқув ҳудудлари ташкил этилди, бу ерда ҳарбий хизматчилар ўзларининг жанговар тайёргарлик борасида кўникмаларини оширяпти.