"Toshkent City"ни 4 йилда қурса бўладими? Эксперт Роман Осокин билан интервью

Кенг кўламдаги ислоҳотлар Ўзбекистон тарихида янги саҳифани очди. "Tоshkent City" лойиҳаси билан эса Ўзбекистон жаҳон саҳнасида замонавий ва тараққий этаётган республика сифатида намоён бўлиши керак эди. Аммо эксперт Роман Осокин ушбу лойиҳани амалга оширишда баъзи камчиликларга йўл қўйилгани ва шу туфайли “Тошкент-Сити” лойиҳаси атрофида муаммолар юзага келаётганини айтмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 ноя - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Катта қурилиш - бу катта маблағ дегани. Тошкент катта ҳаражатлар синовига тайёрми, халқаро экспертлар бугун Ўзбекистонга қандай тавсияларни беришмоқда? Умуман, мамлакатдаги шаҳар қурилиши билан боғлиқ масалалар ва "Тошкент-Сити" қурилишини амалга ошириш муддати ҳақида Sputnik Ўзбекистон мухбири Toshkent City лойиҳасида бевосита иштирок этган, лойиҳаларни бошқариш бўйича эксперт Роман Осокин билан суҳбатлашди.

"Тошкент-сити" - майдони 70 гектар, қиймати 1 млрд доллар

Жорий йил июнь ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев Халқаро Пресс-клуб сессиясида Toshkent City лойиҳаси ҳақида тўхталган ва бу нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги энг улкан лойиҳалардан бири бўлишини қайд этган эди. Октябрь ойи бошида Ўзбекистонда илк маротаба UDAW 2018 - Дизайн ва архитектура ҳафталиги ўтказилди. Дизайн ҳафталик дунёнинг таниқли дизайнерлари ва архитекторларини Тошкентда тўплаши, профессионаллар ўз ишларини кўрсатиши, бошқалар билан фикр ва тажриба алмашиши кўзда тутилган эди.

Дизайн ҳафталикда бевосита иштирок этган Роман Осокин тадбирдан олган таассуротлари ва фикрлари билан ўртоқлашди.

"Дизайн ва архитектура ҳафталиги - Ўзбекистонда ўтказилган бу турдаги биринчи тадбир бўлди. Бу борада танқидий фикр билдиришдан йироқман, сабаби, унинг ўтказилишининг ўзиёқ катта муваффақият деса бўлади. Агар бу ҳафталик Москвада ҳар йили ўтказиладиган Урбан форум - яъни девелопер, архитектор, урбанистлар ва сиёсатчиларни битта музокара майдончасига тўплай оладиган миқёсга ета олса, бу унинг энг катта ютуғи бўларди. Истагим ҳам шу. Муҳими, у навбатдаги одатий реклама ёки дизайн кўргазмасига айланиб қолмасин...".

Осокин Ўзбекистонга бугунги кунда бу каби тадбирлар жуда керак, деб ҳисоблайди. Чунки "республикада шаҳарсозлик, архитектура, умуман, шаҳарнинг келажакдаги ташқи қиёфасини белгиловчи музокаралар майдонига бўлган эҳтиёж бугун жуда юқори".

"Мен лойиҳани максимал қисқа вақт ичида бошқариш бўйича мастер класс ўтдим. Ўзбекистонда мижозлар сиздан имкон қадар қисқа вақтда ишини битириб беришингизни сўрашади. Архитекторлар ҳам дизайн учун нореал қисқа вақт белгилайдилар ва мени назаримда, бу ҳамиша ҳам ўзини оқламайди. Шу боис, лойиҳалаштириш бўйича жараённи қисқа вақтда тугалланган ҳолатга келтириш учун уларга ўз ечимларимни етказишга ҳаракат қилдим", - дейди Осокин.

"Toshkent City"ни 4 йилда қурса бўладими? Эксперт Роман Осокин билан интервью

Эксперт муддат масаласига қайтар экан, Ўзбекистонда кўпинча "Қанчалик тез?", деган саволга дуч келишини тан олади.

"Шундай вақтларда мижоз ўзига-ўзи ўта муҳим бўлган "Нега?" деган саволни беришини хоҳлайман ва шунга ҳаракат қиламан. Яъни тезда бажара оламизми, эҳтимол бажара оламиз. Лекин натижада нимага эга бўламиз, келинг шу ҳақда ўйлаб кўрайлик, яъни хатарларга баҳо берайлик. Умуман олганда, ҳар қандай лойиҳани бошлашдан олдин - у нега керак деган саволни чуқур ўйлаб кўриш лозим", - дея ўз фикрлари билан бўлишади Осокин.

Қурилиш ва сиёсат

Суҳбатимиз қурилиш ва сиёсатнинг ўзаро боғлиқликларига кўчади. Шунда Осокин Ўзбекистон пойтахтида ўтказилган дизайн ҳафталиги иштирокчиларидан бири - машҳур испан архитектори Мануэль Нуньес-Яновский ўз чиқишининг ярмини архитектура эмас, сиёсатга бағишлагани ҳақида айтиб ўтади.

Дунёга машҳур архитектор Ян Гейл Самарқанд обидаларидан ҳайратда қолди

"Шаҳар қурилишида сиёсат нима учун керак? Бунда бош мақсад - хорижий давлатлар инвесторлари ва сиёсатчиларига лойиҳа тақдимотини ўтказиш билан бирга лойиҳанинг халқ учун аҳамиятини тушунарли изоҳлаб беришдир. Агар яхшилаб тушунтира олсангиз, эҳтимол ишлар жадаллашар. Шу билан бирга, "Нега?" деган савол чуқур ўйлаб кўрилса, балки қурилишни тезлаштириш зарурати ҳам йўқолар", - дейди Осокин .

Ўн йилдан зиёд тажрибага эга бўлган халқаро эксперт Ўзбекистонда "Нега?" деган саволга жавоб берилмаслиги, умуман шаҳарга кўчмас мулклар ва улкан лойиҳалар нега кераклиги тўғрисида деярли гапирилмаслигини таъкидлаб ўтади.

Суҳбатдош "Toshkent City" Ўзбекистоннинг бутун бошли иқтисодиёти индикатори ролини бажариши керак бўлган бир вақтда мутасаддилар ушбу лойиҳанинг ҳам ташқи ҳам ички манифестацияси учун масъул эканлигини қайд этади.

Архитектор Ян Гейл: Тошкент кўчаларини пиёдаларга қайтариш зарур

"Мисол учун, Москва-Сити қурила бошлаганида, Москвага киришни режалаштирган ҳар қандай инвестор энг аввало Москва-Ситида рўй бераётган охирги воқеалар ҳақида маълумотга қизиқиб кўрарди. Ҳамма иш турибдими - қурилиш бўлмаяптими - унда мен ҳам кутиб тураман, дерди инвесторлар. Тошкент-Сити лойиҳаси жамоаси нафақат қурилиш охирига етказилиши ва унинг молиявий жозибадорлиги, балки лойиҳа билан боғлиқ маълумотларни тушунтириб бериш учун ҳам масъул. Лекин афсуски, бу лойиҳанинг Тошкент аҳолиси учун нега кераклиги ҳақидаги тушунарли манифестацияни мен ҳали ҳам кўрганим йўқ. Унда қурилаётган метрлар ҳақида гапиришмоқда, бу яхши. У ерда яшаш қулайликлари ҳақида айтишди - тасанно. Ҳатто парк ҳамма учун очиқ бўлишини маълум қилишди. Лекин бу лойиҳа Тошкент ҳокимлигига нега кераклиги ҳамон очиқ қолмоқда", - дейди халқаро эксперт ва айни вақтда ушбу лойиҳада қандай эҳтимолий хатарлар мавжудлигини аниқлаштириб олиш кераклигини қўшимча қилади.

Осокин фикрича, кўп маълумотлар очиқланмаса-да, лойиҳани амалга оширишдан мақсад - бу янги иш ўринлари ва солиқлар бўлиши мумкин.

"Тошкент-Сити" "Москва-Сити"дан нималарни ўрганиши мумкин?

Роман Осокин Тошкент-Сити дунёдаги энг йирик лойиҳалар билан рақобатлашаётганини таъкидлади.

"Cushman & Wakefield"даги ҳамкасбларимиз ва Тошкент-Сити директори билан биргаликда ушбу лойиҳанинг молиявий концепциясини ишлаб чиқишда, дунёда биз намуна олишимиз мумкин бўлган "Тошкент-Сити" лойиҳасини айнан такрорловчи референт лойиҳани топа олмадик. Аммо майдони жиҳатдан ўхшаш релевант лойиҳаларни учратдик. Битта фарқи шундаки, "Тошкент-Сити"га ўхшаш лойиҳаларнинг барчаси дунё бўйича 15-20 йил муддатда қурилган", - дейди эксперт ва Ўзбекистондаги лойиҳани тўрт йилда амалга ошириш режасига мутахассис сифатида "уриниб кўриш мумкин", дея баҳо беради.

"Toshkent City"ни 4 йилда қурса бўладими? Эксперт Роман Осокин билан интервью

Эскперт бугунги кунда молиявий жиҳатдан муваффақият қозонган "Москва-Сити", уни қуришда йўл қўйилган хатоликлар ва ушбу камчиликлардан чиқариш мумкин бўлган хулосалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Осокин, бу лойиҳанинг муваффақиятини белгилаган асосий сабаблардан бири - Москва мэриясининг ушбу лойиҳага "мастер-девелопер" сифатида киритилганида деб билади.

"Бошида лойиҳага муносабат бошқача эди. Майдонлар тақсимланиб, Бош режа ва аксарият биноларнинг дизайни ишлаб чиқилган ва инвесторларга "нима хоҳласанг, қур" деган маънода тўлиқ эркинлик берилган эди. Яъни давлатнинг инвесторларни Бош режага амал қилдириш бўйича қатъий позицияси йўқ эди. Натижада, давлат лойиҳа раҳбари сафидан деярли чиқди, шу тариқа марказда парк ўрнида "Афимолл" кўнгилочар-савдо мажмуаси қурилди, барча биноларда кутилмаганда қўшимча қаватлар пайдо бўла бошлади, яъни, менимча, инвесторларнинг ўйлаб кўрилмаган очкўзлиги туфайли "қўшнилар" ўртасида кимнинг биноси баландроқ бўлиши борасида "пойга" бошланди. Натижада, бозор ўзлаштириши мумкин бўлгандан кўпроқ майдонлар юзага келди", - дейди суҳбатдош.

Осокин Москва-Сити лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилишида, шу тариқа, давлатнинг ҳатто маркетингда ҳам роли бўлмаганига эътибор қаратади. Мана шу тажрибадан хулоса чиқарган ҳолда, инвесторлар қизиқишини қозониш учун лойиҳа келажакда майда 8та "Тошкент-ситичалар" эмас, балки ягона лойиҳа сифатида таклиф этиш керак, дейди. Ва бунда давлатнинг аниқ ва қатъий позицияси талаб этилади.

Тўсиқлар масаласи - улар нега керак?

Роман Осокин суҳбатимиз давомида қурилиш амалга оширилаётган вақтда щрнатиладиган ва қурилишдан кейинги тўсиқлар ҳақида батафсил тўхталди.

Ўзбекистоннинг бош ҳокими ким у: Артикходжаев ўзи ҳақида гапирди

"Эътибор берадиган бўлсак, қурилиш бўлаётган ҳудуд (Тошкент-Сити ҳудуди демоқчи - таҳр.) жуда чиройли, жуда баланд тўсиқлар билан ўралган. Мен Сан-Франциско ва Лас-Вегасда лойиҳаларни бошқарганим сабабли, Тошкент-Сити раҳбарлари мендан эксперт сифатида "Роман, Сан-Францискода тўсиқлар қанақа бўлади?", деб сўрашган. Мен Сан-Францискода баланд тўсиқлар ман этилганини айтдим. У ерда барча қурилиш майдонлари сеткалар билан ўралган бўлиши керак. Яъни бу Ҳукуматнинг ўзига хос шаффофлиги рамзи ҳисобланади: исталган фуқаро қурилиш ишлари жараёни қай тартибда кетаётганини кузатиш имконига эга. Дейлик, қурилиш крани икки ҳафтадан буён жойида турибдими ёки майдондаги иншоотлар баландлиги ошяптими - одамлар бу жараённи кузатиб боришдан маҳрум этилмайди", - дейди эксперт.

Осокин, Тошкентдаги қурилиш майдонини баланд тўсиқлар билан ўраш қарори мутасаддилар томонидан шаҳар аҳолисини қурилиш майдонидаги чанглардан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари суради. Шунингдек, тўсиқлардаги суратлар одамларга ушбу майдонда қандай иншоотлар бунёд этилиши борасида ўзига хос маълумот бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмайди. Лекин шундай бўлса-да, эксперт лойиҳа раҳбарларига тажриба озлик қилганини иддао қилди.

Тошкент ҳамма соҳаларда намуна бўлиши керак - Шавкат Мирзиёев

"Баланд тўсиқлар Европа давлатларида қўлланилмайди, Москва-Сити қурилишида ҳам майдон атрофи сетка билан ўралган, ва керак бўлса, фуқаролар учун махсус "кузатув-майдончалари" бунёд этилган эди. Назаримда, шаҳар марказида мавжуд бўлган тўсиқ - бу муваффақиятсизликнинг тан олиниши", - дейди Осокин.

Эксперт сўзларига кўра, "Тошкент-Сити" қурилиши учун шаҳарнинг энг яхши майдони танланган. Ва ҳатто қурилиш майдонининг "энг яхши" қисми - энг қиммат лот - уй-жойлар учун ажратиб берилган. Роман Осокин ишбилармонлик маркази бўлиши кутилаётган Тошкент-Ситига уй-жойлар керак эмас эди, деган фикрда.

"Агар биз янги иқтисодиёт сари ҳаракат қилмоқчи эканмиз, нега биз бор диққатимизни бизнесга қаратмаймиз? Нега Тошкент-Сити 80% майдоннигина офислар учун ажратган. Менимча, лойиҳанинг муваффақияти билан боғлиқ саволларни мана шу ердан қидириш керак. Кимдир у ердан квартира олиш-олмаслиги масаласи, муваффақиятсизлик кўрсаткичи бўлмаса ҳам, бу лойиҳанинг кўлами бошпана масаласидан кенгроқлигини таъкидламоқчиман", - дейди суҳбатдош ва лойиҳанинг шаҳар учун фойдали жиҳати Тошкент-Ситида келажакда ишлайдиган ишчилардан олинадиган солиқда эканлигини эслатиб ўтади.

Тошкент - катта харажатларга тайёрми?

Халқаро эксперт, Ўзбекистон пойтахтида Тошкент-Ситидек улкан лойиҳани амалга ошириш учун захира борлигини, мисол учун маълум бир лойиҳани амалга оширадиган инвесторлар топилишини таъкидлайди.

"Масала шундаки, бу захиралар чегараланмаган эмас, табиийки, чет эллик инвесторларни олиб келиш керак. Ўзбекистонга кириб келадиган инвесторлар дуч келадиган масалага тўхталсак, ҳа, мамлакатда ажойиб майдонлар, Ҳукуматнинг турли даражада қўллаб-қувватлови, буларнинг барчаси бор, фақат коммерция борасида маълумот йўқ. Яъни инвестор ўз маблағини нимага тикишини аниқ кўрсата оладиган иқтисодий ахборот мавжуд эмас", - деган фикрда эксперт.