ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Олий мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Давлат божхона қўмитаси раиси Муроджон Азимов божхона тизимида жорий этилган замонавий ахборот коммуникация технологиялари ҳақида ахборот берди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
“Ҳозирги кунда давлат божхона тизимида “божхона пости-ҳудудий божхона бошқармаси-божхона қўмитаси” занжири ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Бу онлайн, реал режимда амалга оширилади. Ахборотларни оламиз, тўплаймиз ва таҳлил қилиниб тизимга жорий қиламиз”, - деди Муроджон Азимов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда қўмитада 40 ортиқ автомашлаштирилган ахборот тизимлари ва 12 та электрон хизматлар жорий этилган.
“Ҳозир ҳеч қандай вазирлик ахборот коммуникацияларини ривожлантирмасдан туриб фаолият олиб бора олмайди. Шу нуқтаи назардан жорий йил ўтган 8 ойи давомида божхона тизимида қўшимча 8 та янги ахборот тизимлари жорий этилди”, - деб таъкидлади божхона қўмитаси раҳбари.
Муроджон Азимовнинг сўзларига кўра, 1 августдан бошлаб битта декларацияни расмийлаштириш учун 2 соатдан ортиқ вақт сарфланган бўлса, бу ҳаммаси дастурга киритилгандан кейин 2-3 дақиқалик вақтда таъминланаяпти.
“Шу йил 1 сентябрдан бошлаб хавфни бошқариш тизимини яратдик ва бу ҳозирда синовдан ўтяпти. 2019 йил 1 январдан бошлаб тўлақонли ишга туширилади. Бу божхона ходимларимизни вақтини, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг вақти ва маблағини тежашга хизмат қилади”, - деди божхона қўмитаси раиси.
Қўмита раиси охирги икки йил давомида қўшни давлатлар билан кескин суратларда товар айлануви ошганлиги, яқин қўшничилик муносабати билан фуқароларимиз қатнови бир неча баробарга кўпайганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
"Фақат божхона хизмати ходимлари сонини кўпайтириш билан буни тартибга солиш жуда қийин. Шунинг учун ҳам ахборот коммуникация технологиялари жорий қилинган ҳолда, биринчи навбатда хавфсизликни таъминлаган ҳолда иш жараёнларимизни амалга оширамиз. Йил якунига қадар темир йўл линияларда 5 та инспекцион кўрик мажмуалари ўрнатишимиз керак”, - деб қўшимча қилди қўмита раиси.
Эслатиб ўтамиз, сенаторлар “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрирда) маъқуллашди.