ТОШКЕНТ, 5 авг - Sputnik. Ўзбекистон ИИВ Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамов ўз хизмат хонасидан ўлик ҳолатда топилган, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбирига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими.
"Акрамов 4 август куни кечки пайт соат 21.00 атрофида ўз кабинетида ўлик ҳолатда топилган. Унга ўткир тиғли жисм (пичоқлиги таъкидланмоқда) билан тан жароҳати етказилган. Қотиллик аломатлари аён", - деди Спутник мухбирига ҳодисадан хабардор ИИВ вакили.
Таъкидланишича, айни вақтда ушбу иш билан Ўзбекистон Бош прокуратураси шуғулланмоқда.
Шаҳар прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаяпти, савол билан мурожаат қилган журналистларни Бош прокуратурага мурожаат қилишни маслаҳат бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, подполковник Акрамов Дилшод Бахтиёрович июль ойида ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган эди.