Ўзбекистонда танишини уриб, пулларини ўғирлаган эр-хотинга қидирув эълон қилинди

Самарқандлик эр-хотинлар шаҳарда вақтинча истиқомат қилаётган шахсни уриб, сўнгра унинг пуллари ва карточкаларини олиб, воқеа жойидан яширинганлар. Шу муносабат билан ИИВ фуқароларга мурожаат эълон қилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Ўзбекистон ИИВ танишини уриб тан жароҳат етказиб, пулларини олиб қочган эр-хотин қидирилаётгани ҳақида эълон берди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистондан миллионлаб қарзи бўлган фуқаролар устидан қидирув эълон қилинди
21 июнь куни Самарқанд шаҳрида вақтинча яшаётган А.Р таниши билан ўзаро жанжаллашиб қолган ва олган тан жароҳати сабаб Тошкент шаҳридаги Чилонзор туманида жойлашган РШТЁИМга ётқизилган.

Самарқанд шаҳар ИИБ дастлабки суриштирув ишлари натижасини эълон қилди.

Унга кўра, 21 июнь куни А.Р.нинг танишлари — Александра Безпятова ва унинг расмий никоҳсиз турмуш ўртоғи Абдураҳмон Ўразовлар А.Р. вақтинча яшаётган хонадонга келиб, ҳеч бир сабабсиз унинг юз ва бош қисмига қўллари билан уриб жароҳат етказишган.

Зўравон талончилар А.Рнинг "IРhone-5S" мобиль телефони ва пуллари, ҳисобида маблағлари бўлган банк карточкаларини олиб, жабрдийданинг ўзини йўловчи такси автомашинасига ўтказиб, Тошкент шаҳрига жўнатиб юборишган. Эр-хотиннинг ўзи воқеа жойидан яширинган.

Аэропортда йўловчиларни чув тушириб келган фирибгар-ҳайдовчи қўлга олинди

Александра Безпятова ва Абдураҳмон Ўрозовларни ушлаш чоралари кўрилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ИИВ фуқароларга мурожаат қилмоқда.

"Ҳурматли фуқаролар, агар сиз юқорида жиноят содир этган шахслар ҳақида бирон маълумотга эга бўлсангиз, дарҳол ҳудудий ички ишлар бўлимларига мурожат қилишинизни ёки "102" рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришингизни сўраймиз. Бу билан сиз ушбу шахслар томонидан содир этилиши мумкин бўлган турли хил жиноятларнинг олдини олган бўласиз", — дейилади ИИВ хабарида.