ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низомни тасдиқлади, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Курсларни тугатган шахслар давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик хизматларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Қабул қилинган ҳужжатда диплом соҳиблари қайта тайёрлашдан ўтишга ҳақли бўладиган 47 та олий таълим йўналишларини ўз ичига олган рўйхат белгиланди.
Тингловчилар танлов ва кириш имтиҳони натижаларига қараб қабул қилинади.
Қайта тайёрлаш курсларига кириш учун ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатлар электрон шаклда илова қилинади: паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат; олий маълумот тўғрисидаги диплом (ёки дипломдан кўчирма); 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги рангли фотосурат.
Ҳужжатлар кириш имтиҳони (суҳбат) ўтказилишидан 1 ой олдин қабул қилинади.
Қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш фақат тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Кириш имтиҳонлари муваффақиятли топширилганидан сўнг 15 иш куни ичида контракт тўлови суммаси ўтказилиши шарт.