ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Москвада қуролли ва ниқоб таққан шахслар мигрантлар ётоқхонасига бостириб кириб уларни тунаб кетишди, деб хабар берди Sputnik Тожикистон мигрантлар юристи Валентина Чупикка асосланиб.
Ҳодиса 26 апрел куни Москвадаги Павелецкая набережная соҳилида жойлашган "Памир-Альянс" мигрантлар ётоқхонасида содир бўлган.
"Улар таниқлик белгиларисиз қора униформа кийган номаълум шахслар бўлган. Уларнинг барчаси ниқобли ва қуролланган бўлган", — деди юрист Sputnik Тожикистонга.
Жиноятчилар ётоқхонада яшовчи барчани хоналаридан олиб чиқишган ва бир нечта хонага қамаб устидан қулфлаб қўйишган. Бу ерда яшовчиларнинг кўплигидан хонага қамалганлар фақат тик туриш имкониятига эга бўлган.
Бир соатдан сўнг воқеа жойига ОМОН етиб келган. Улар мигрантларни озод қилишган. Мигрантлар ўз хоналарига қайтишганларида кўпчилигининг шахсий буюм ва пуллари йўқолганлиги маълум бўлган. Барча жавон ва шкафларнинг эшиклари синган, ўрин-жойлар ағдар-тўнтар ҳолда бўлган.
"Бир фуқаронинг 77 минг, яна бирининг 69 минг рубли йўқолган. Қолганлар озроқ жабр кўрган – уларнинг 5 мингдан 22 минг рублгача пули йўқолган", — деди юрист.
Униформа кийган талончилар ким бўлганлиги номаълум, полиция мигрантларни тунаб кетган жиноятчиларни қидирмоқда.
"Памир-Альянс" ётоқхоналари Москвада "Павелецкая", "Рязанский проспект", "Нагорная", "Измайловская" ва "Саларьево" метролари яқинида жойлашган. Эконом тоифадаги ётоқхонада 6, 8, 10 ва 12 ўринли хоналар таклиф қилинади.
"Памир-альянс" мигрантларни арзон нархи билан жалб қилади. Бу ерда хонанинг нархи 200 рублдан бошланади. гуруҳ бўлиб келган мигрантларга эса бундай нархга яшаш жойига эга бўлиш жуда қулай ҳисобланади.