ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. 20 апрель куни ишга туширилган Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталида илк жамоавий мурожаатлар жойлаштирилди.
Шавкат Раҳмонов томонидан 21 апрел куни жойлаштирилган мурожаатда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолият турлари рўйхатига туризм соҳаси (мавсумий хизмат кўрсатиш)ни киритиш таклиф этилмоқда. Муаллиф якка тартибдаги тадбиркорлик фаолият турларига шахсий хонадонларда туристларга ва дам олувчиларга кунлик меҳмонхона хизматини кўрсатиш фаолиятини киритиш лозимлиги, бу эса ўз навбатида давлат бюджетига, қолаверса оила бюджетига даромад келтириши, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришини билдиради. Мазкур мурожаатга 23 киши овоз берган (мақола тайёрланаётган пайтдаги ҳолатга кўра).
Аброрхон Обидов томонидан киритилган аёллар ва эркаклар учун никоҳ ёшини бир хил этиб (18 ёш) белгилаш лозимлиги ҳақидаги мурожаатга 65та овоз берилган бўлиб, муаллифнинг таъкидлашича, Оила кодексида белгиланган никоҳ ёши бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган ёшга доир қоидаларга нисбатан коллизияга киришаётганлигини кўриш мумкин.
"Негаки, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида "18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахсларнинг барчаси бола ҳисобланади", деган қоида белгиланган. Бундан маълум бўладики, миллий қонунчилигимизнинг ўзида белгиланган нормалар қизлар орасида тез-тез кузатиладиган мажбурий, эрта никоҳларнинг асл келиб чиқиш омили эканлигига ишора қилади. Қайд этиш лозимки, кўплаб хорижий давлатларда никоҳ ёши йигит ва қиз учун бир хил яъни 18 ёш этиб белгиланган", деб ёзади муаллиф.
Муаллифнинг эслатишича, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида: "Никоҳ ёши эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин" эканлиги тўғрисидаги норма белгилаб қўйилган.
Бахтиёр Махсудов бозорлар ҳисобидаги дўкон ва расталарни онлайн ижарага бериш ва электрон ҳисобга олиш тизимини жорий этиш ҳақидаги таклиф киритган. Унинг фикрича, бу бозорлардаги савдо расталарини ижарага бериш жараёнидаги коррупцияни йўқотади. Мазкур таклифни 69 киши қўллаб-қувватлаган.
Насрулла Сатликов эса темир йўл вокзалларига кириб-чиқишни эркинлаштиришни таклиф қилмоқда.
"Пойтахтимиздаги ва вилоятлардаги вокзалларга кириб-чиқиш йўловчиларни кузатувчиларга ва кутиб олувчиларга катта муаммо саналади. Вокзалларга кириб-чиқишдаги ҳозирги ҳолат нафақат фуқароларимиз учун, шунингдек юртимизга ташриф буюраётган туристлар учун ҳам ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.
Шу муносабат билан вокзалларга кириб-чиқиш тартибини соддалаштириб, фуқароларга билетсиз кириб-чиқиш имконияти яратилишини сўрайман", дея билдирилган бу таклиф 113та овоз олган.
Энг кўп — 139 та овозни эса Жамшид Холиқов томонидан киритилган мактабларда ўқувчилардан, уларнинг ота-оналаридан пул йиғиш ҳолатларига барҳам бериш ва бунга йўл қўйган шахсларга жавобгарлик белгилаш лозимлиги ҳақидаги мурожаат олган.
Муаллиф умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йили бошидан то охирига қадар ҳар чоракда ўтказиладиган ота-оналар йиғилишларида маблағ йиғиш масаласи муҳокама қилиниши одатий ҳолга айланиб қолганлигини ёзади.
"Ушбу салбий иллатга бугун барҳам берилмаса, келажакда болаларимиз мактабларда ўқиш ўрнига, айтилган маблағни етказа олмаганлиги учун ўқитувчи ва синфдошлари олдида изза бўлиши, бу эса уларнинг руҳий ҳолати ва ўқишига бўлган қизиқишининг сусайишига олиб келиши мумкин", — деб ёзади у.
Муаллифнинг фикрича, ота-оналар ва оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий имконияти ва мавқелари болаларининг бир хил муҳит ва шароитлардаги мактабларда таҳсил олишига ўз таъсирини ўтказмаслиги керак.
Жамшид Холиқов ушбу ноқонуний жараёнга тақиқ қўйилиши ҳамда тегишли жавобгарлик чоралари ва жарималар белгиланишини таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инноватсион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида “Менинг фикрим” махсус веб-портали яратилиши белгиланган эди. Бунда интернет тармоғида Парламент ва фуқаролар ўртасида электрон жамоавий мурожаат киритиш имкони берувчи махсус майдон яратиш назарда тутилган эди.