Тойиб Эрдўғон Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади

Эрдўғон Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, қадимий Бухорога сафар қилиши кутилмоқда. Икки давлат раҳбарлари инвестиция соҳасида музокаралар ўтказиши хабар қилинмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 29 апрелдан 3 май санасига қадар Ўзбекистон ва Жанубий Кореяга расмий ташриф уюштиради. Бу ҳақда TRTнинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонасига таянган ҳолда "Кабар" агентлиги хабар қилмоқда.

Мирзиёев Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди

Таъкидланишича, Эрдўғон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказади ҳамда Бухоро шаҳрини зиёрат қилади.

Музокараларнинг асосий мавзуси инвестиция соҳаси бўлиши айтилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Туркия туризм, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, автомобилсозлик, фармацевтика саноати, текстил саноати, кимё ва тоғ-металлургия секторларига инвестиция йўналтириш масалаларини муҳокама қиладилар.

Туркия президенти Ўзбекистонга ташрифидан сўнг Жанубий Кореяга йўл олади.