ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Божхона ходимларининг хизмат давомида зиммасига юкланган вазифаларни қай даражада адо этаётганлиги, ҳушёрлиги ва огоҳлигини синовдан ўтказиш мақсадида 16 маротаба хуфёна текширувлар ўтказилган. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар бермоқда.
Хабарда билдирилишича, бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармасида Давлат божхона қўмитаси ҳамда "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси билан ҳамкорликда шахсий таркиб ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида маълум қилинди.
Мулоқотда асосий эътибор "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросига қаратилгани хабар қилинган.
Таъкидланишича, Давлат божхона қўмитаси томонидан пора бериш ва пора олишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида кўргазмалари, плакатлар ва стол устига қўйишга мўлжалланган буклетлар ишлаб чиқилган бўлиб, барча божхона бошқармалари, комплекслари ва постларига тарқатилган. Профилактик маърузалар, учрашувлар, индивидуал тартибда профилактик тарбиявий ишлар ва суҳбатлар ўтказилган.