ТОШКЕНТ, 21 мар – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Наврўз шодиёналарида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Давлатимиз раҳбари вилоят жамоатчилиги, нуронийлар, фаоллар, ёшлар билан суҳбатлашиб, барчани байрам билан яна бир бор табриклади. Самимий мулоқот чоғида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди”, дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев шаҳардаги Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғида ўрнатилган Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари пойига гул қўйди.
Самарқанддаги байрам шодиёналарида тожикистонлик меҳмонлар ҳам қатнашди.
Эслатиб ўтамиз, бугун эрталаб Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳрида Наврўз байрами тантаналарида иштирок этганди.