Содиқ Сафоев Ўзбекистон Европа Иттифоқининг қайтишидан манфаатдорлигини айтди

Ўзбекистон Европа Иттифоқи давлатлари ва ташкилотга аъзо давлатлар билан ҳар қандай соҳада ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларни шакллантиришга тайёр, деди Тошкентда бўлиб ўтган доира суҳбатида Олий Мажлис сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Брюссел, хусусан, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир, деди Тошкентда бўлиб ўтган "Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи: келажакка назар" мавзусидаги доира суҳбати давомида Олий Мажлис сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Норов: Европа Иттифоқи Ўзбекистон учун халқаро саҳнадаги муҳим ҳамкорлардан биридир
Сиёсатчи ўз нутқи аввалида ўтган йил Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатларида сезиларли силжишлар бўлганини ва бу ўзгаришлар — президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган янгиланган ички ва ташқи сиёсати натижаси эканлигини таъкидлади. "Бугун  мамлакат жадал тараққий этмоқда, қатъий ислоҳотлар йўлидан бормоқда. Ўзбекистон ўзининг янги қиёфасини шакллантириш тарафдоридир", — деди у.

Сиёсатчи сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан шериклик стратегияси битими қабул қилинганига 10 йил тўлган бўлса, бу вақт оралиғида, ташкилотнинг минтақа мамлакатлари билан мулоқоти мустаҳкамланди. Ташкилотнинг Марказий Осиёга нисбатан қизиқиши ортди, минтақага нисбатан муносабати янгиланди.

Сиёсатчи шу ўринда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликнинг 2019 йилда қабул қилинадиган янги стратегиясига тўхталар экан, ҳужжатни кучайтиришга ёрдам берадиган жиҳатларни санаб ўтди.

"Янги стратегияда — инсоният, шу жумладан, Марказий Осиё минтақаси ҳам ўз ривожланишининг мураккаб, таъбир жоиз бўлса туб бурилиш даврини бошдан кечираётгани ҳисобга олинмаслиги мумкин эмас. Зиддиятлар кучаймоқда, таранглик сусайгани йўқ, трансмиллий таҳдидлар чекиниши сезилмаяпти. Бундай шароитда хавфсизлик масалалари бўйича сиёсий мулоқот учун барқарор платформани яратиш бизнинг асосий вазифамиздир", — деди Сафоев ва бу соҳада ҳамкорликда таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш лозимлигини айтди.

Шунингдек, Сафоев Европа Иттифоқига зўравонлик, яъни экстремистик ғояларга қарши курашда ҳаракатларни бирлаштириш лозимлигини таклиф этди.

"Ислом бугун Европа учун ёт дин эмас. Ҳамкорликдаги тадқиқотлар, таълимга нисбатан иштиёқ уйғотишга, бағрикенглик, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш сингари дастурларни ҳаётга татбиқ этишга бўлган талаб, эҳтиёж шу бугун ҳар қачонгиданда зарур", — деди сиёсатчи.

ЕИ махсус вакили Ўзбекистоннинг қўшнилар билан муносабатини ижобий баҳолади
Сафоев шунингдек, хавфсизлик соҳасида умумий, энг жиддий муаммолардан бири — наркожиноят борасида тўхталди.

"Европага Афғонистондан — Марказий Осиё орқали кириб бораётган наркотиклар ҳажми бу йил яна ошади", — деб таъкидлади сенатор ва ушбу трансмиллий ёвузликка қарши ҳамкорликдаги стратегия ҳамон мавжуд эмаслигини қўшимча қилди.

Иккинчи долзарб масала — савдо-иқтисодий алоқаларга тўхталар экан, Сафоев Ўзбекистон товарларининг Европа бозорига кириб боришини соддалаштириш иккала томон манфаатларига бирдек хизмат қилишини айтиб ўтди.

Сафоев шу ўринда Европа Иттифоқи делегатларидан Европа инвестиция банкининг Ўзбекистондаги операцияларини тезлатишни сўради.

"Ўтган йили бу борада анча силжиш бўлди, ЕИБ билан шартнома имзоланди, лекин банк ўз фаолиятини бошлаши учун 3 йил — бу жуда кўп муддат", — деди Сафоев.

Сенатор, шунингдек, Ўзбекистон учун транспорт коридорлари масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб ўтди.

"25 йил муқаддам катта иштиёқ билан қарши олинган ТРАСЕКА дастури, афсуски, тўлақонли иш бермади", — деди у.

Шунингдек, Сафоев ЕИ вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни техник томондан қўллаб-қувватлаётганликлари учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонни Бутунжаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлишида кўмак беришни сўради.

Сенатор, шунингдек, Ўзбекистон томон Европа Иттифоқи давлатларининг энг олд олий ўқув даргоҳлари филиаллари мамлакатда ташкил этилишидан манфаатдорлигини билдирди.

Шунингдек, парламентлараро мулоқот ҳам муносабатларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини қўшимча қилди.

Ўзбекистон ЕИнинг наркотикларга қарши дастурини қабул қилиш арафасида
Сафоев ўз нутқи якунида Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан турли, шу жумладан олий даражада ҳам мулоқот олиб боришга тайёрлигини маълум қилди, хусусан, "Ўзбекистон — Европа Иттифоқи саммити" икки томонлама мулоқот, иккиёқлама ҳамкорликнинг янада ривожланишига катта туртки бўлар эди, дея ишонч билдирди. "Бу Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга оширишга хизмат қиларди", — деди сиёсатчи.

"Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва унга аъзо барча давлатлар билан барча соҳаларда ҳамкорликка тайёр. Ишонаманки, бугунги тавсиялар бизнинг ўзаро муносабатларимизни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқишига хизмат қилади", — деди ўз нутқи якунида Сафоев.