Ўҳў: ўзбек-тожик чегарасидаги байрам, толибларнинг Ғанига жавоби, дунёни титратган Путин

Бу сафар одамларни ҳайратга солган хабарлар бешлигидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик чегаралари, толибларнинг Афғонистон президентига жавоби ва миллий урф одатларга путур етказаётган маросим - тўй ўрин олди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Ушбу ҳафта Ўзбекистонда ва дунёда одамларни ҳайратга солган, қувонтирган ва ўйлантирган воқеаларга бой бўлди. Спутник таҳририяти шулардан энг шов-шувлиларини эътиборингизга ҳавола қилади. Демак, "ўҳў" дейдиган даражадаги янгиликлар бешлигидан қуйидагилар ўрин олди.

1. Ўзбек-тожик муносабатларидаги янги саҳифа

Мирзиёев ва Раҳмон олдида чиқиш қиладиган санъаткорлар номи маълум бўлди
Шу ҳафтада Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси орқали 9 та ўтиш пункти тантанали равишда очилди. Ўзбекистон ТИВ "Кўлоб-Москва" йўналиши бўйлаб биринчи йўловчи поезди "Амузанг" темир йўли ўтказиш пункти орқали 7 мартдан қатнашини хабар қилди.

Бу — икки давлат ўртасида 2010 йилда қурилган баландлиги 3 метр ва узунлиги 10 метрлик тўсиқнинг бузиб ташланишидан  кейин энг шов-шувли ва интизорлик билан кутилган янгилик бўлди.

Дарвоқе, Ўзбекистон ҳукумати чегарарни очиш билан кифояланиб қолгани йўқ, Самарқанд шаҳрида икки халқ ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида ўзбек ва тожик адабиётининг буюк намоёндалари — Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали ўрнатилмоқда.

Ўзбекистон президентининг Тожикистонга сафари эса икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очиши кутилаяпти.

2. Афғонистон толибларни "тан олмоқчи"

Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатдаги радикал ҳаракат — "Толибон"га тинчлик бўйича битим таклифини киритди.

Камилов: Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмайди
Афғонистонда 28 феврал куни старт олган "Қобул жараёни" афғон раҳбарияти толибларга имконият бермоқчилигини кўрсатди.

Хусусан Ашраф Ғани Афғонистон ҳукумати толиблар ва уларнинг оила аъзоларига паспортлар бериб, ҳаракат етакчиларидан санкцияларни олиб ташлаш бўйича иш бошлашини маълум қилган. Шунингдек қамоққа олинган толибларнинг озодликка чиқарилиши ҳам айтиб ўтилган.

"Толибон" ҳаракати етакчилари Ашраф Ғанининг таклифига расман жавоб бермади, аммо "Reuters"хабарига кўра, толибларнинг ишонган вакили жавоби "New-Yorker" журналида чоп этилди. "Биз уларни (Ашраф Ғани таклифларини демоқчи, муалл.) қонуний деб қабул қиламиз, деган алдамчи таклифингиз мавжуд урушни ютиш ва "Толибон"ни "тиз чўктириш" учун Америка томонидан киритилган формуладир.

Масаланинг туб моҳияти шуки, Америка учун энг муҳими терроризмми? Ёки унинг мақсади Афғонистон минерал бойликларига эга бўлиб, ўзини-ўзи бошқарувчи ҳукуматни ўрнатиш ва мамлакатда исломий тизимни ўрнатишга қаршилик қилиш орқали бу ерларда империалистик сиёсатини ҳукм сурдиришми", дейилади баёнотда.

3. "Ўзбек Деточкини"

Самарқандда ички ишлар органлари ходимлари туризм коллежи талабасини қўлга олишди. Йигит автомобиллардан чиройли рақамларни ечиб, сўнгра рақамни қайтариш учун эгаларидан 5 АҚШ доллардан пул талаб қилган.

Талаба меҳрибонлик уйидаги болаларга ёрдам бериш мақсадида бу кирдикорларга қўлга урганлигини айтган.

Кўпчиликка "Автомобилдан сақланинг" фильмидаги Деточкинни эслатган самарқандлик йигитнинг тунги "қаҳрамонликлари" ижтимоий тармоқда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

4. Ғарбни огоҳлантирган Путин

Россия президенти Владимир Путин 1 март куни Федерал кенгашга мурожаат қилди ва бу кун Путин дунёни "шок"ка солган кун сифатида тарихда муҳрланди.

Путиннинг мурожаати: дунёни ларзага солган икки соат

Икки соатлик нутқи давомида Россия президенти бордию Россия ва ёки унинг иттифоқдошларига қарши ядро қуроли қўлланиладиган бўлса, жавоб зудлик билан қайтарилиши ҳақида огоҳлантирди.

Путиннинг чиқишини диққат билан томоша қилган Пентагоннинг расмий муносабати орадан икки соат ўтиб эълон қилинди. Пентагон Россия президенти сўзларидан "ҳайратга тушмаганини" маълум қилган ва америкаликларни "ўзимизни ҳимоя қила олишга қодирмиз" дея тинчлантирган эди.

АҚШ ўз фуқароларини тинчлантириш билан овора бўлган бир вақтда Путиннинг мурожаати сиёсатшунослар томонидан "Россия яхши формада" эканлигини кўрсатди, дея баҳоланди.

5. Соғ одамни ўлдираётган маросим — тўй

Иккинчи март куни Ўзбекистон "Маҳалла" хайрият жамоат фонди ва "Нуроний" жамғармасиўзбекистонликларга расмий мурожаат йўллади.

Мурожаатда тўйлардаги кимўзарлик ҳолатлари ва исрофгарчилик сингари иллатлар қаттиқ қораланиб, фуқаролар камтарроқ тўй қилишга даъват қилинган эди.

Дабдабанинг дабдаласи: дабдабага қарши қонун қабул қилинадиган вақт келди

Ўзбекистон президенти Шавкат мирзиёев ҳам куни кеча яна тўй-ҳашамлар масаласида сўз очаркан, энди тўйларни қисқартириш бўйича Президент қарори эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қарори қабул қилинишини айтган. 

"Тўй қилишнинг меъёрини ёзиб берамиз. Тошкентда тўртта қизи бор одам ўзини осиши керак тўй қилиш учун. Бюджетдан ойлик олаётган одам тўртта қизини эрга бериши учун ўзини осса тўғри бўлади. Нимага, ҳеч қандай имконияти йўқ, бечора бировдан қолмай деб қарз олади, ўзини қарамайди, докторга бормайди, фақат тўйга йиғади", деб таъкидлаган Мирзиёев.

Аввал ҳам айтганмиз, яна қайтарамиз, наилож, давлат ўз фуқаросини нафақат жиноятчилар, ташқи душмандан, балки унинг ўзидан ҳам ҳимоялашига тўғри келмоқда.