ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Хотин-қизларнинг чет элга ишга кетиши оила бузилишида асосий омиллардан бири бўлмоқда, деб таъкидлади Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Б.Норов Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлашга бағишланган йиғилишда.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Fафурова айни вақтда вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан 19 минг 148 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилгани ва уларнинг оилавий шароити, ижтимоий аҳволи ўрганилаётганини маълум қилди.
Ғофуровага кўра, мавжуд 4 та сектор кесимида ижтимоий шароити оғир 678 нафар хотин-қизга манзилли ёрдам бериш ва уларни иш билан таъминлаш, ҳунармандчиликка, тадбиркорликка жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
Йиғилишда шунингдек, шаҳар ички ишлар бошқармаси, прокуратура вакиллари томонидан хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар, уларнинг сабаблари таҳлил қилинган.