ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Жорий йилнинг 5 февраль куни Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов берган жавоблар эълон қилинганидан сўнг баъзи интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда ушбу масалага нохолис ёндашиш, жавобларнинг айрим қисмларини контексдан ажратиб нотўғри талқин қилиш ҳолатлари учрамоқда, деб хабар қилди Халқ таълими вазирлиги матбуот-хизмати.
Халқ таълими вазирлигига кўра, бундай хабарлар масалага нохолис ёндашув туфайли тарқалган.
"Халқ таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймайди", — дейилади муассаса хабарида.
Шунингдек, вазирлик соҳада хизмат қилаётган 400 минг нафардан ортиқ фидойи устоз ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда устоз обрўсини ошириш йўлидаги ишларини давом эттиришини маълум қилган.
"Вазирлик қонунчилигимизда белгиланган меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий нормаларга сўзсиз амал қилади", — деб қўшимча қилинади расмий ахборотда.