ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбек чегарачилари Қирғизистонга 500 минг доллардан ортиқ маблағ контрабандасининг олдини олишди, деб хабар қилди "Ўзбекистон 24" телеканали.
Хабарда айтилишича, чегарачилар рухсат этилмаган жойдан чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган шахсни кўришган. Унинг ёнида катта сумка бўлган. Ушбу шахсдан тўхташ талаб этилганда у сумкасини ташлаб, қочиб кетган.
"Сумкада скоч билан ўралган 5, 15, 30 минг доллар ўрамлар борлиги аниқланган. Валютанинг умумий қиймати 573,280 долларни ташкил қилди", — деб айтилган хабарда.
Телеканал маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда ҳуқуқбузарни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Жиноят кодексига мувофиқ нақд валютани контрабандаси учун 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазо чораси қўлланилиши мумкин.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида мунтазам равишда валюта контрабандачилари қўлга олинади. Ўтган йил декабрь ойида ўзбек чегарачилари Наманган вилоятида яшовчи 2 нафар фуқаро қўлга олинган. Улар 469 минг доллар ва 4,1 миллион Россия рубли контрабанда қилишда гумон қилинган.