ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Жанубий Корея Ўзбекистон қовунларида аниқланган зараркунанда ҳақида тўлиқ маълумотни олгач, ушбу маҳсулот импорти қайтадан тикланишини маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тошкентга ишчи ташриф билан келган Корея Бош вазири ўринбосари, Корея республикаси стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён томонидан худди шундай баёнот қилинган.
Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг сўзларига кўра, бугун республикада йилига 18 миллион тонна турли хилдаги экологик тоза мева ва сабзавотлар етиштирилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Корея бозорларига сифатли маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиб беришни ташкил этиш учун қулай шарт-шароитларни шакллантиришдан манфаатдор.
"Биз Ўзбекистондан импорт қилинадиган гилос ва анорга қўйилган таъқиқни бекор қилгани учун Корея томондан миннатдормиз. Шунингдек, тез орада қовун импортига қўйилган таъқиқ ҳам олиб ташланишига умид қиламиз", — деди вазир иқтисодий ҳамкорлик масалалари юзасидан ўтказилган ўзбек-корея йиғилишида.
Ходжаев, агар Корея томон қўллаб-қувватласа, Ўзбекистон ўз ҳудудида замонавий лабораториялари бўлган тегишли карантин инфратузилмасини ҳамкорликда ташкил этишга тайёрлигини билдирган.
Ўз навбатида, Ким Донг Ёнг маҳсулот тўлиқ ўрганилгач, қовундан таъқиқ олиб ташланиши масаласини кўриб чиқишга ваъда берган.
Бундан ташқари, Корея томон Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар импортини кенгайтириш ниятида эканлигини билдириб ўтган.
Тошкентда кореяликлар билан ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон томон импорт божхона божларининг юқори ставкаларидан шикоят қилишган ва айнан шу ҳолат Ўзбекистон мева-сабзавотлари маҳсулотларининг Кореяга етказиб берилишида маълум маънода чеклов қўяётганини таъкидлашган.
Хусусан, дуккакли дон экинларига солинадиган божларнинг ўртача миқдори — 60%, анор, қароли ва узумга — 45%, гилос ва қовун маҳсулотларига эса — 30% юқорилиги таъкидланган.
Ушбу муносабат билан ўзбек амалдорлари кореялик ҳамкорларни тарифларни пасайтириш имконини кўриб чиқишга чақиришган. Бу Кореяга сифатли маҳсулотларни тўғридан тўғри етказиб бериш учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини бериши айтилди.