ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. "Ўзагроэкспорт" АЖ томонидан маҳалллий муассасалар билан ҳамкорликда нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки ўзбек гилоси экспорти географиясини кенгайтириш ва диверсификацияси бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати.
Жорий йилда асосий экспорт қилинувчи давлатлардан ташқари, янги гилос Буюк Британия, Жанубий Корея, БАА ва бошқа мамлакатларга юборилди.
Корея томонининг талаблари жиддий ўрганиб чиқилганидан сўнг масъул муассасалар саъй-ҳаракати билан ўзбек гилосини Жанубий Кореяга экспорти тақиқи олиб ташланди. Экспорт шартномалари имзоланиб, экспорт барқарор равишда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, кореялик ҳамкорлар билан анор ва қовун экспорти бўйича келишувга эришилди.
Маркетинг тадқиқотларига кўра, Болтиқбўйи, Европа ва Жануби-шарқий Осиё давлатларида Ўзбекистоннинг янги ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари катта талабга эга бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан, хорижда янги ҳамкорларни қидириб топиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. БАА, Япония, Жанубий Корея, Франция, Германия ва бошқа мамлакатлар компаниялари билан экспорт ҳажмини ошириш масаласи ўрганилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон гилос етиштириш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради — йилига 100 минг тонна. Ундан камида 30 фоизи ҳар йили МДҲ ва узоқ хориж давлатларига экспорт қилинади.
Компаниянинг маълум қилишича, 2016 йилда 50 млн. долларлик ўзбек гилоси экспорт қилинди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.