ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ташқи савдо вазирлигида Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин билан учрашув бўлиб ўтди, унда томонлар Россия бозорига янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини узоқ муддатли етказиб бериш масалаларини муҳокама қилди.
Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Сергей Левин 2017 йилнинг апрелида бўлиб ўтган юқори даражадаги учрашувлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ривожланишга янги туртки берганини таъкидлади.
"Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, икки мамлакат ўртасида тузилган "Яшил йўлак" доирасида Россия бозорига янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини узоқ муддатли етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини 2-3 баробар ошириш салоҳияти таъкидланди", — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, учрашув чоғида Россия делегацияси томонидан ЕХРО-2025 халқаро кўргазмасини ўтказишга номзод шаҳар – Екатеринбургнинг тақдимоти ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Левин 2017 йилнинг июль ойидан Россия ва Ўзбекистон орасида синов тартибида "Божхона яшил йўлаги" амал қилаётганини, 2017 йил охирига қадар у тўлақонли ишга тушишини маълум қилганди. Хусусан, икки мамлакат мутахассислари "Аргус ФИто"номли ягона электрон тизимда ишлай бошлади.